Get Mystery Box with random crypto!

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммалашаётган касблар ахборот тех | MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммалашаётган касблар ахборот технологиялари билан боғлиқ. Бу касбларга келгусида ҳам талаб ошса ошадики, асло камаймайди. Эътиборли жиҳати, уларни эгаллаш учун олий маълумот ҳам талаб этилмайди. Уч, олти, тўққиз ойлик ёки бир йиллик курсларда ўқишнинг ўзи етади. Мослашувчан касблар сирасига киргани учун ҳам талаб анча баланд бўлади.
Маълумки, Ўзбекистонга ҳам ахборот технологиялари жадаллик билан кириб келяпти. Шу боис дастурчиларга эҳтиёж ҳозирдан юқори ўринларда туради. Бундан шу нарса англашиладики, келажакда IT соҳаси бўйича мутахассисларга эҳтиёж янада ортади. Иқтисодчи, туризм бошқарувчиси, хизматлар соҳасидаги мутахассис бошқарувчилар ҳам керак бўлиши, шубҳасиз.
Масалан, Ғарбда 18–35 ёшдаги инсонларнинг 70 фоизи блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳларини ўқиб саёҳат режаларини тузишаркан. Маълумки, туризм ривожланаётган бир пайтда бу соҳани бошқарувчи менежерларга ҳам талаб юқори бўлади. Рақамли иқтисодиёт ҳам сифатли кадрларни қидиришга тушади. Инфляция, нарх-наво, лойиҳаларни молиялаштириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш каби масалаларни ҳал қиладиган мутахассисларни ҳар қадамда топиш амримаҳол. Сўнгги вақтларда бутун дунёда профессионал дастурчиларга эҳтиёж катта бўлмоқда. Банк-молия, халқаро иқтисодиёт, ахборот технологиялари, халқаро муносабатлар соҳаларини ўрганиш, мутахассисларнинг эътироф этишича, бундан кейин ҳам мавқеини сақлаб ва ошириб бораверади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, яқин келажакда Ўзбекистон меҳнат бозорида ахборот технологиялари йўналишига ҳамда жадал суръатлар билан ривожланаётган туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларига, қурилиш соҳаси инженерларига, бундан ташқари замонавий меҳнат бозорига кириб келган янги касбларга бўлган талаб ортади. Бундан ташқари, енгил саноат соҳаси, айниқса, маҳаллий хом ашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш мутахассисларига бўлган эҳтиёж ҳам ҳар доим юқори бўлади.
Иложи бўлса, фарзандингизнинг қайси касбни танлаши бўйича малакали мутахассис билан маслаҳатлашинг. Бунда албатта, унинг билими, имконияти, қизиқишлари ва ҳаётдаги мақсадларидан келиб чиқинг. Фақат бир нарсани унутманг: қарор мустақил қабул қилинади.

Фурқат Қодиров,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси.

Телеграф орқали ўқинг

Word форматда юклаб олинг