Get Mystery Box with random crypto!

2021 йил POSTDA-НА ПОСТУ газетасида эълон қилинган маърифат да | MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ

2021 йил POSTDA-НА ПОСТУ газетасида эълон қилинган маърифат дарси

2 - мавзу

ФАРЗАНДЛАРНИ ЗАМОНАВИЙ КАСБЛАРГА ЎРГАТИШ – ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Маълумот ўрнида:
ЮНИСЕФнинг махсус лойиҳаси бўлган U-REPORT ёшлар платформаси 2019 йил 13 май куни ёшларни касбга йўналтириш бўйича сўровнома ўтказди. Унда 6300 дан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар қатнашди. Респондентларнинг фикрига кўра, касб танлашда қуйидаги 4 та омил таъсир ўтказади: шахсий қобилият (34%), касбга муҳаббат (20%), молиявий имкониятлар (20%) ва ота-оналар қарори (11%). Иштирокчиларнинг 82 фоизи ёшларни касбга йўналтириш ҳукумат томонидан ташкил қилиниши керак, деб ҳисоблашади.

Фарзандларини ёшлигидан мустақил қарор қабул қилишга ўргатиш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир. Боланинг нотўғри хатти-ҳаракати ёки буюрилган ишни кўнгилдагидай қилиб бажара олмаслиги учун койийвериш унинг фикрини очиқ-ойдин баён эта олмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ота-она болаларидаги камчиликларни биргаликда бартараф этишга ҳаракат қилиши, гоҳида озгина муваффақиятини ҳам муносиб рағбатлантириб туриши унинг келажакда ўзига бўлган ишончи ортишига хизмат қилади.
Инсон улғайгани сари орзу-умидлари ҳам, табиийки, муаммолари ҳам улканлашиб бораверади. Шундай пайтлар бўладики, шошилинч равишда бир қарорга келиш талаб этилади. Ҳар бир инсон жиддий қарор қабул қилиши учун дуч келадиган биринчи танлов касб танлашдир. Зеро, касб фақатгина пул топиш, яъни даромад манбаи бўлиб қолмай, инсон ҳаётининг асосий қисмини сарфлайдиган фаолият ҳисобланади.
Мутахассис-психологлар бундай жиддий, масъулиятли қарор қабул қилишда фақатгина атрофдагиларнинг тавсиясига таяниш эмас, таҳлилнинг бошқа муқобил вариантларини ҳам қўллашни таклиф қилишади. Масалан, фарзандингизда қайси касбга қизиқиш юқори эканини психологик тестлар орқали аниқлашга ҳаракат қилишингиз мумкин. Бунинг учун сизга соҳа мутахассислари ишлаб чиққан профессионал тестлар керак бўлади. Тест натижаларини кўриб, фарзандим шу касбга ёки шу йўналишга қизиқади, деган якуний қарорга келишга ошиқманг. Чунки бу тестлар фақатгина маълум йўналишни белгилаб беради.
Биринчи навбатда, фарзандларингизнинг билимларини кенгайтиришига шароит яратиб беринг. Токи у турли касбий йўналишлар, истиқболли соҳа ва мутахассисликлар тўғрисида етарлича билим ва тушунчага эга бўлсин. Ҳар йили ўқувчиларни турли касбларга йўналтириш бўйича нашр қилиб бориладиган китоблар бу борада сизга яқин кўмакчи бўлиши мумкин. Уларда ҳаттоки ўқувчиларга таниш бўлмаган касблар билан ҳам танишиш мумкин. Эҳтимол, улардан бири сизнинг фарзандингиз танловидир.
Мактабни битираётган ўспиринлар кўпинча танламоқчи бўлган касбларининг фақат ижобий ёки салбий жиҳатларини кўришади. Шу боис ота-оналар фарзандларига кўп нарсаларни аниқлаштиришда ёрдам беришлари зарур. Юқори синф ўқувчилари учун олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган «Очиқ эшиклар» кунларида иштирок этиш ҳам фойдадан холи эмас. Танланган йўналиш бўйича ўқишга кира олмай қолган тақдирда тушкунликка тушмаслик, бошқа мақбул вариантларни ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, албатта. Лекин шу касб эгаси бўлишинг керак, деб мажбурлаши ҳам нотўғри. Аксинча, маслаҳатлари билан фарзандини қўллаб-қувватлаши, унга далда бўлиши зарур. Баъзи ота-оналар фарзандининг ўзларига армон бўлиб қолган касб эгаси бўлишини истайди. Ахир, фарзанд мустақил шахс, унинг ўз орзулари борлигини унутманг...
Бугун замон шиддат билан ўзгараётган давр. Ҳатто энг сўнгги технология ҳам инсонни ҳайратга солиши қийин. Чунки ҳар лаҳзада оламда бўлаётган ўзгаришлар шунчалик кўпки, ҳайрон қолишга улгуришнинг ҳам имкони йўқ. Бундай ўзгаришларнинг бевосита замонавий касблардан бирини танлаш билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Масалан, барча соҳалар автоматлаштирилса, инсонлар нима билан шуғулланади, қайси касб эгаси бўлсам, эртага у жамиятга фойдали бўлади, танлаган соҳам билан келгусида ишсиз қолмайманми, сўнгги вақтларда дунёда, жумладан, мамлакатимизда қайси соҳа жадаллик билан ривожланяпти, яқин келажакда қандай кадрларга эҳтиёж ортади, сингари саволлар кўпчилик ёшларда бўлиши табиий...