Get Mystery Box with random crypto!

​#uzb АМИР ТЕМУРНИНГ ҚИЛИЧИ ҚАЕРДА? Cоҳибқирон ўз “Тузуклар” | Ma'lumot GlobalTrend🌐

​#uzb

АМИР ТЕМУРНИНГ ҚИЛИЧИ ҚАЕРДА?

Cоҳибқирон ўз “Тузуклар”ида шундай ёзган: “Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва шу тариқа дунёда ном чиқардим”. Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида дамашқий қиличнинг сурати бор, унинг тагига  "Амир Темурнинг қиличи" деб ёзилган. Суратда дамашқий қиличнинг сопи ва бир қаричча қисми акс этган. Соҳибқирон ёшлигидан қилич кучи устувор бўлган муҳитда ўсиб-улғайган. Аммо исломий таълимотни чуқур ўзлаштирган Амир Темур Амир Кулол ва Абубакр Тойободий каби пири комилларнинг насиҳатларига амал қилиб ҳарбий қудратни адолатга хизмат қилдирган: “Қайси ишни чораю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмадим”.

Амир Темур қилич ўйнатиш маҳорати туфайли ҳаётидаги жуда қалтис вазиятлардан соғ-омон чиқишга муваффақ бўлган. 1362 йили рафиқаси Ўлжой Туркон билан Алибек Жониқурбоний навкарлари томонидан тутқунликка маҳкум этилади. Ўшанда у 26 ёшда эди. Олтмиш икки кунлик тутқунликдан сўнг соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олиб, уларга ҳамла қилган ва озодликка чиққан.

Қиличим ўткир бўлса-да, ўйлаб қинидан чиқардим, ширин сўз айтиб, ғанимнинг имон топмоғига йўл очдим”, — дея таъкидлаган Соҳибқирон ҳаётида ўзи бевосита душманга юзма-юз келиб, баҳодирона жанг қилган дамлар ҳам кўп бўлган. 1379 йили учинчи марта Хоразмга юриш чоғида Хоразм ҳокими Юсуф Сўфининг бошига қизиқ фикр келади.У икки тараф кишиларининг қони тўкилмаслиги учун ўзи Амир Темур билан яккама-якка олишмоқни истайди. Соҳибқирон бу таклифга рози бўлади. Аммо ундан таҳликага тушган рақиб ўз даъватидан тониб, жанг майдонига чиқмайди. Шунда Амир Темур унга Термиздан келтирилган қовунни жўнатади, чунки азалдан Термизга “Мардлар шаҳри” деган таъриф берилган. Бу ишорада мардлар шаҳридан келган қовунни еб, сенга ҳам озгина мардлик юқсин, деган маъно ётган. Аммо Юсуф Сўфи уни ариққа улоқтирган.

1405 йил 18 февралда Амир Темур вафот этгач, қабри устига қимматбаҳо либослар ёпилган, хонанинг деворларига эса жанговар яроқ-аслаҳалари осиб қўйилган. Баъзи тарихий ҳужжатларда ёзилишича, 1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қўшини Самарқандга бостириб келганида қўлга киритилган ўлжалар қаторида Амир Темурнинг қиличи, совути, Амир Темур жомеъ масжидидаги етти хил маъдан қотишмасидан ясалган дарвоза ва ҳатто қабрига ўрнатилган тоши ҳам Машҳадга олиб кетилган.

Инглиз олими Жексон 1903 йилда Амир Темур қиличини Теҳрондаги сарой музейида кўрганлигини ёзиб қолдирган. Бошқа бир манбага кўра Герасимов Самарқанддаги экспедицияси давомида, "Гўр Амир" мақбарасида ўтказилган қазилма ишларида қўлга киритилган Амир Темур ва унинг сулоласига оид барча ашёларни Россияга олиб кетган. Олиб кетилган тариҳий қийматга эга бўлган ашёлар ичида Амир Темурнинг қиличи ҳам бўлганлиги айтилган. СССР хукумати томонидан Ўзбекистонда ўтказилган археологик қазилмалардан топилган қимматбаҳо мулкларнинг асосий қисми сотувга қўйилиши, баҳоси келишилмаган ашёларни эса музейларга топширилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, Сталиннинг Амир Темур қиличини афсонавий рус саркардаси Будёныйга совға қилганлиги, у 1973 йилда вафот этганидан сўнг эса қилич СССР Инқилобий марказий музейига топширилганлиги қайд этилган. Ўша даврдан буён Темур қиличини излаб топиш ишлари ҳеч қандай самара бермаган ва уни изини ҳеч ким ханузгача топа олмаган. Мазкур воқеага алоқадор ҳужжатлар, хозиргача Россия ФСБ архивида "ўта маҳфий" белгиси остида сақланиши тўғрисида маълумотлар мавжуд.

http://t.me/MalumotGlobalTrend