Get Mystery Box with random crypto!

Тадбиркорлар томонидан келиб тушаётган саволларга Мактабгача т | Мактабгача таълим

Тадбиркорлар томонидан келиб тушаётган саволларга Мактабгача таълим агентлиги мутахассислари томонидан жавоблар

Савол. Менда шахсий кабинетим орқали Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими (nodavlat-bogcha.uz) (НМТТБАТ)да ташкилотимга 2023 йилнинг январ ойи учун субсидия ҳисобланганлиги кўринмоқда, лекин нега ушбу маблағлар ҳанузгача тўлаб берилмади?

Жавоб: Бундай ҳолат юзага келганлигининг бир нечта сабаблари мавжуд:

биринчидан, айрим оилавий нодавлат МТТни ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан НМТТБАТга фақатгина асосий битим киритилиб, унга асосан битимни амал қилиш муддати январь ойига қадар тугаганлиги кузатилди. Бу ҳолатда агар тадбиркорлар қўшимча битимни (мавжуд бўлганида) НМТТБАТга киритмаса, битимни амал қилиш узайтирмаганлиги натижасида, НМТТБАТ автоматик равишда субсидияни ҳисобламайди.
Мазкур ҳолатларни зудлик билан тузатиш мақсадида, Мактабгача таълим агентлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ушбу тадбиркорларнинг битим ва қўшимча келишув маълумотлари бугунги кунда ахборот тизимига тўлиқ киритилиши таъминланди.
Шунингдек, битимнинг амал қилиш муддати тугаб, ўрнатилган тартибда қўшимча келишувларни расмийлаштирган ташкилотларнинг январь ойи субсидияси жорий йилнинг 16-17 март кунлари “nodavlat-bogcha.uz” платформасида ҳисобланиб, тўловлар банк ҳисоб рақамларига тўлаб берилиши маълум қилинади.

иккинчидан, айрим тадбиркорлар томонидан “nodavlat-bogcha.uz” платформасига белгиланган меъёрлардан ортиқча штат киритилиши ёки ходимлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ киритилмаслиги оқибатида жорий йилнинг январь ойи иш ҳақи учун субсидиялар тўланиши кечиқмоқда.
Маълумот учун: ДХШ асосидаги, шу жумладан, оилавий МТТлар, уларда ишловчи айрим ходимларнинг иш ҳақларини тўлаш учун — 9 соатли иш режимидаги давлат МТТларида ушбу ходимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорларида давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.
Бундай камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида тадбиркорларга НМТТБАТнинг мобил иловаси (“қўнғироқча” тасвири) орқали ҳабарномалар юборилган. Ушбу тадбиркорлар томонидан НМТТБАТ орқали тегишли маълумотлардаги камчиликларни бартараф этиш ва иш ҳақи учун электрон ариза беришлари сўралади.

учинчидан, Вазирлар Махкамасининг 2022 йил 2 августдаги 426-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва компенсациялар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан:
- давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ходимларнинг ишга келиб-кетиши ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматидан келиб чиқиб НМТТБАТда автоматик равишда ҳисоблаб чиқилади;
- ҳисобот ойида НМТТБАТда хусусий шерик мулки негизида ташкил этилган ДХШ асосидаги ва оилавий нодавлат МТТнинг гуруҳларидаги тарбияланувчилари бўйича ўртача ойлик давомати фоизи 40 фоиздан кам бўлганда, ҳисобот ойи учун ходимларнинг иш ҳақига субсидия ҳисобланмайди ва тўланмайди.
Ушбу Низомга асосан 2023 йил феврал ойи учун ДХШ ва оилавий нодавлат МТТда ойликнинг ўртача давомати 40% дан юқори бўлган ва оилавий МТТ ларда иш кунида тарбияланувчилар сони гуруҳда 12 тадан кўп бўлган ходимлар учун давомат асосида иш хақи ҳисобланганлигини маълум қиламиз.

тўртинчидан, тадбиркорлар ва ОНМТТлар томонидан банк реквизитлари хато (ёки тўлиқ эмас) бўлганлиги, ходимларининг банк пластик картаси маълумотларини хато киритилганлиги ёки тўлиқ киритилмаслиги, шунингдек, иш хақи учун мўлжалланмаган карта маълумотларининг тизимга киритилиши натижасида ушбу тадбиркорларга субсидия тўловларини амалга ошириш имконсизлигича қолмоқда.

Эслатма: Ҳурматли тадбиркорлар юқоридаги каби ҳолатларни зудлик билан бартараф этишингизни сўраймиз! Акс ҳолда субсидия тўловларини амалга оширишнинг имкони бўлмайди.

Шунингдек, НМТТБАТнинг мобил иловасида махсус “қўнғироқча” тасвири остида хабарнома менюси орқали юборилган янгиликларга ва ахборотларга эътиборли бўлишингизни сўраймиз.

Манба: mdo.uz



Бизга қўшилинг
@maktabgacha_talim