Get Mystery Box with random crypto!

ЙЎЛОВЧИ ҚИЗ Ўтасан сумкангни кифтингга илиб, Кенг кўча. Од | Matnazar ABDULHAKIM | Матназар АБДУЛҲАКИМ

ЙЎЛОВЧИ ҚИЗ

Ўтасан сумкангни кифтингга илиб,
Кенг кўча. Одамлар. Салом ва алик.
Тўхтаб қолмас ҳеч ким ҳайрон тикилиб,
Лоқайд бўладими эл ҳам шунчалик.

Духобага дўнмас сен юрган йўллар,
Дарахтлар қолади изингдан кетмай.
Гулдек қизарсанг ҳам совқотиб, гуллар
Кўмилиб ётади уялмай-нетмай.

Сўнг бекат. Чиқасан автобусга жим.
Пассажирлар лоқайд. Зотан, сан
Улар учун ҳамроҳ ёки йўловчи,
Хуллас, одатдаги одамсан.

Шунда бирдан чиқиб кетади жаҳлим,
Ногаҳон келаман ларзага.
Сен деб айланаман шу заҳот, бахтлим,
Ҳамма одамга ва ҳамма нарсага.

Халойиқ бўламан — ошуфта, сармаст,
Гул бўлиб, шафақранг ўйга толаман.
Дарахтман. Ёнимдан ўтиб қолсанг, бас,
Эргашиб, изингдан мен йўл оламан.

Тутқич бермай кетиб қоласан бироқ
Хиромон-хиромон, сокин, оҳиста...
Мендан бахтиёрроқ ва муносиброқ,
Ўзингдек мукаммал бир ҳамроҳ истаб.

Майли. Ҳар қадаминг мен учун фахр,
Сира элаштириб билмайман сани.
Тушунаман, севиш оғир...кўп оғир
Ҳамма одамни ва ҳамма нарсани.

Матназар АБДУЛҲАКИМ

@M_Abdulhakim