Get Mystery Box with random crypto!

Ҳар бир инсонга жуда зарур, аммо мактабда ўқитилмайдиган илм б | Yamakasi

Ҳар бир инсонга жуда зарур, аммо мактабда ўқитилмайдиган илм бор - мантиқ.

Грамматиканинг тилга муносабати мантиқнинг ақлга муносабати кабидир. Тўғри сўзлаш, тўғри ёзиш грамматиканинг муайян меъёрлари асосида бўлади. Ақлнинг тўғри ишлаши ҳам мантиқнинг маълум бир қоидалари асосида кечади. Тўғри ёзолмайдиганларни саводсиз дейдилар. Китобларда имловий хатоларга йўл қўйилса, хатто огоҳлантириш берадиган давлат ташкилотлари бор. Мактабларда грамматика саводлиликнинг муҳим шарти сифатида ўқитилади.

Аммо таълимда мантиққа грамматикага берилган даражадаги эътиборни кўрмаймиз. Жамиятнинг, зиёлиларнинг ҳам мантиққа муносабати ҳаминқадар. Мантиқ саводлилик белгиси сифатида кўрилмайди. Ваҳоланки, мантиқнинг ҳаётий аҳамияти, ҳам назарияда, ҳам амалиётда грамматиканикидан кўп бўлса кўпки, оз эмас. Тўғри фикрлаш, аргументларни тўғри шакллантириш, эшитгани, ўқигани маълумотларни текшириш, шарлатанларнинг тузоғига осон тушмаслик, танқидий ва изчил фикрлаш қобилияти мантиқсиз бўлмайди.

Мактабда ўрганилган грамматика муайян тил доирасида хизмат қилади (ўзбек тили грамматикасини инглиз тилига татбиқ қилолмайсиз), аммо мантиқ универсал "тил"дир. Инглиз тилида ёзилган мантиқ дарслигини ўзбекчага ўгириб фойдаланиш мумкин. Инсон қаерда бўлмасин, қайси тилда сўзлашмасин, қайси тилда маълумот олмасин мантиқ ҳамма жойда асқатади.

Менга қолса ўрта мактабларда мантиқ ва фалсафа ўқитилиши керак дердим. Аммо бизнинг шароитда фалсафани мафкура ва маънавият дарсига айлантириб қўйишади. Лекин, жуда бўлмаганда, ўқув предмети сифатида мантиқни киритиш мумкин. Шундоғам тузум ўзгариши билан аҳамияти йўқолиб қоладиган тайинсиз ўқув предметлари кўп. Шуларга ҳам маблағ сарфланмоқда.

Muallif: https://khyuldoshev.wordpress.com/about/