Get Mystery Box with random crypto!

ЧЎЧҚА НАЗАРИЯСИ Золим подшоҳлардан бири фуқароларидан бирин | Кўнгил кундалиги

ЧЎЧҚА НАЗАРИЯСИ

Золим подшоҳлардан бири фуқароларидан бирини қамади. Уни ҳеч бир сабабсиз бир кишилик уч квадрат метр масофага эга камерага қўйишни амр қилди.
Фуқаро ғазабланди. Камера эшигини тепиб бақирди: "Менинг айбим йўқ! Нега мени қамадингиз?! ".
У бақир-чақир қилиб тўполон қилгани учун уни бошқа, бир квадрат метрлик хонага кўчириш ҳақида буйруқ чиқди.
У яна бақира бошлади. Бу сафар айбим йўқ демади. "Ҳаромилар! Мени ўтириб ухлайдиган хонага қамадингиз!" , деб додлади.
Унинг дод-войи яна қамоқхона хўжайинларини безовта қилди. Энди айнан шу камерага яна тўққизта маҳкумни киритишди.
Иш чидаб бўлмас даражасига етгач ўнта маҳбус ёрдам сўраб дод солишди:
"Бу иш мақбул эмас. Қандай қилиб бир квадрат метрли жойга ўн кишини жойлайсиз?! Биз бу ерда бўғилиб ўламиз. Ўтинамиз ,ҳеч бўлмаганда беш кишини бошқа хонага ўтказинг! ".
Уларнинг дод-войини эшитгач қамоқхона ходимлари уларнинг ёнига бир чўчқани келтириб қўшиб қўйишди.
Уларнинг ақли бошидан учди:
"Қандай қилиб бу ифлос, исқирт ҳайвон билан бирга яшаш мумкин?! Унинг ҳамма жойни тўлдирган ахлатининг ҳиди бизни ўлдиради-ку! Илтимос, шуни бизнинг олдимиздан чиқаринг. Бошқа нарса сўрамаймиз! ".
Бошлиқ ходимларга чўчқани олиб чиқиб хонани тозалаб беришларини буюрди. Бир неча кундан сўнг улардан ҳол-аҳвол сўрагани келди:
- Аҳволлар қалай? Камчиликлар йўқми?
Маҳбуслар:
- Йўқ, йўқ! Алҳамдулиллаҳ ҳаммаси яхши. Қийинчиликларимиз барҳам топди!

Ана шундай қилиб муаммо биргина чўчкани олиб чиқиш билан ҳал қилинди. Шундай қилиб камеранинг майдони торлиги масаласи унутилди. Ундан олдинги масала ҳам, ундан олдингиси ҳам...
Ҳатто биринчи маҳкумнинг зулм билан қамалганлиги масаласи ҳам унутилди. Ҳеч ким эсламади ҳам. Ҳатто сиз ҳам унутдингиз уни ҳурматли ўқувчи!

Ҳаётимиз ана шундай. Асли муаммомизни унутишимиз учун янги мушкулотлар ўйлаб топишади. Сўнгра моҳирлик ила чўчқа назариясини татбиқ қилишади. Афсуски, энди бизнинг энг олий истагимиз чўчқани орамиздан чиқаришлари бўлади!

Абдулқодир Полвонов, "fayzbog uz"
@kungil_kundaligi