Get Mystery Box with random crypto!

Дунёда энг «яқин»ларимсиз – Мени мендан «яхши билгувчи», Дўстм | Кўнгил кундалиги

Дунёда энг «яқин»ларимсиз –
Мени мендан «яхши билгувчи»,
Дўстман, дея қасамлар ичиб,
Дўстларимга иғво қилгувчи.
Бор бўлинг-эй, ҳасадгўйларим,
Сизда фисқу-фужурлар нақддир.
Сиз бор – мудом сабрдаман мен,
Сиз бор – менга ажрлар нақддир!
Ўз ҳолимга қўймаганларим,
Кўзим очиб қўйганларимсиз,
Дунёларни қизғониб мендан
Дунёлардан тўйганларимсиз.
Туширмайсиз номимни тилдан,
Бекор кетмас туҳмат тошингиз –
Ғафлатлардан бўламан омон,
Омон бўлсин тилли бошингиз.
Иймонимнинг ёрдамчилари,
Яқин қилиб узоқларимни
Жон-жон дея елкалайсиз-ей
Менинг қанча гуноҳларимни.
Дуодаман сиз учун:
Раббим,
Барака бер жон-молларига,
Узоқ-узоқ умрлар бергин
Гуноҳимнинг ҳаммолларига...


Дилфуза КОМИЛ
Каналга уланиш: @kungil_kundaligi