Get Mystery Box with random crypto!

ФАНО Эй дўстим, бу кемтик дунёда Кимлардан нималар кўрмадик. | Кўнгил кундалиги

ФАНО

Эй дўстим, бу кемтик дунёда
Кимлардан нималар кўрмадик.
Тўзғоқдан жам бўлган фанода
Кимлардан нималар кўрмадик.

Дунёси чиғирдек айланчиқ,
Бандаси балиқдек сирпанчиқ,
Молга ўч, меҳрга қизғанчиқ,
Кимлардан нималар кўрмадик.

Зўрман деб ризқимиз юлган ким,
Шаънимиз булғамоқ бўлган ким,
Дуч айлаб жафога, кулган ким,
Кимлардан нималар кўрмадик.

Худосиз ташландиқ одамлар
Бошинг еб, сўнг ёлғон «отам»лар,
Улар-чун тўй бизнинг мотамлар,
Кимлардан нималар кўрмадик.

Инсон деб иблисга суркандик,
Номардга сир айтиб ўртандик,
Дўстдан ҳам қўрқишга ўргандик,
Кимлардан нималар кўрмадик.

Бой бўлсанг, қондошлаб қолгайлар
Сой бўлсанг, қармоғин солгайлар,
Лой бўлсанг, четлаб йўл олгайлар,
Кимлардан нималар кўрмадик.

Тўғрилар имонин дарз қилмас,
Оллоҳдан бошқага арз қилмас,
Эгрилар фитнасин бас қилмас,
Кимлардан нималар кўрмадик.

Ўтди минг синовдан сабримиз,
Қачондир тугар бор жабримиз,
Шунда ҳам шивирлар қабримиз:
«Кимлардан нималар кўрмадик...»

Анвар Обиджон
Каналга уланиш: @kungil_kundaligi