2021-02-05 20:28:28
Одамзот нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку...
Одамзот нима учун булбул чах-чахини эшитганда энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку...
Одамзот нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку...
Одамзот нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса йиғлайди? Уни ёзувчи «ичидан тўқиб чиқаргани»ни билади-ку...
Одамзот нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирса-ю, тўсатдан болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади...Ахир у шоҳона қасрда яшайди-ку!
Одамзот нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими?
Одамзот нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Марҳум уларни кўрмайди-ку...
Гап шундаки, Одамзотни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи — "ИНСОНИЯТ".
Ўткир Ҳошимов
88 views17:28