Get Mystery Box with random crypto!

Конформизм ва ўзгачалик Бошқаларга ўхшашга интилиш, тақлид қи | KONFORMIST

Конформизм ва ўзгачалик

Бошқаларга ўхшашга интилиш, тақлид қилиш, тартиб-қоидаларга сўзсиз амал қилишни “конформизм” дейишади. Айримлар, айниқса, радикаллар, конформизмга қандайдир салбий маъно беради: конформист одам бошқалардан ажралиб турмайдиган одам, ўз сурати ва сийрати йўқ одам, унинг борида борлиги, йўғида йўқлиги сезилмайди ва ҳк. Конформизм индивидуализмга тескари феъл атвор сифатида ҳам кўрилади: индивидуалистлар ўзлигини намоён қилишга интилувчилар, конформистлар эса тақлидчилар.
Мен конформизмнинг ижобий ёки салбийлиги контекстга боғлиқ деган бўлардим.

Ҳеч ким ҳеч кимга ўхшашни истамайдиган жамиятда ҳеч кимга ўхшашни истамаслик конформизмдир. Қонунларни бузиш, анъанага тупуриш ижтимоий ҳаёт асосига айланган жамиятда қонун бузиш конформизмдир.
Конформизмнинг муҳим белгиси ўзгачаликка интилиш эмас, балки кўпчилик нима қилаётган бўлса, шуни қилишдир. Кўпчилик ўзини намоён қилиш билан банд бўлганда, ўзни намоён қилишга интилиш ҳам кўпчилик қатори бўлишдир.

Кўпчилик индивидуалист бўлиши ҳам мумкин, демак, кўпчилик қатори индивидуалист бўлиш ҳам конформизмдир. Шу маънода конформизмнинг зидди индивидуализм эмас.

Конформизм ижобий ҳам, салбий ҳам бўлиши мумкин. Масалан, алдов, қонунбузарлик, ўғрилик, порахўрлик илдиз отиб кетган жамиятда конформист бўлиш ёлғончи, қонунбузар, ўғри ва порахўр бўлиш демакдир. Бунинг акси бўлган жамиятда эса конформизм ижобий ҳодиса саналади (ҳар ҳолда мен учун шундай).

Ўзгача бўлишга ҳам айни шу нуқтаи назардан қараш мумкин. Яъни ўзгачалик ҳам контекстга қараб ижобий ёки салбий баҳоланиши мумкин. Маньяклар ҳам ўзгача. Психопатларда табиий ўзгачалик бор. Каннибализмни ҳам ўзгачалик дейиш мумкин. Ўзгачалик доим ҳам фазилат бўлавермайди. Айни пайтда ёлғон авж олган вақтда тўғрисўз бўлиш ҳам ўзгачалик.

Суратни ўзгача қилиш осон, сийратни ўзгача қилиш ниҳоятда қийин. Суратни ўзгача қилиш учун ўзгача кийинасиз, сочни ўзгача олдирасиз, ўзгача телефон тутасиз, машина минасиз, гапирасиз ва ҳк. Аммо дунёқарашингиз, ахлоқингиз, эътиқодингиз, шахсиятингиз тамоман конформист бўлиши ҳам мумкин. Ёки аксинча, ҳамма қатори кийинишингиз, гапиришингиз, яшашингиз мумкин, аммо фикрларингиз, принципларингиз ва хулқингиз ўзгача бўлиши ҳам мумкин. Буларнинг қай бири асл ўзгачалик ёки конформизм, қайси томондан қарашингизга боғлиқ.

Демак, ўзгача бўлишга интилаётган одам ўзидан сўраши керак: қандай ўзгачалик? Конформист бўлишни истамайдиган одам ҳам аниқлаштириб олиши керак: қандай конформистлик?

Ўғрилар ичида конформист бўлиш жиноят.
Тўғрилар ичида ўзгача бўлиш жиноят.

@Konformist_uz