Get Mystery Box with random crypto!

Ёш китобхон танлови ҳақида Бугун опам телевизорда 'Ёш китобхо | Классик инсон

Ёш китобхон танлови ҳақида

Бугун опам телевизорда "Ёш китобхон" танловини кўриб ўтирганларига кўзим тушиб қолди ва мен ҳам бир оз томоша қилишга қарор қилдим. Шу танловнинг биринчи йилида (адашмасам 2018), ойим, опам ва мен ҳар бир ёш тоифасини биргалашиб томоша қилганмиз. Ҳар бирида биттадан иштирокчига бўлишиб олиб, мухлислик қилардик. Ундаги эмоциялар, иштирокчиларнинг хурсандчиликлари-ю кўз ёшлари – жуда ёқимли дамлар...

Ўзим қатори бўлган йигит қизларни кўриб чин дилдан ҳавас қилардим. Мактаб пайтлари сўнгги икки йилда (ўша пайт 9-синф бўлганман чоғи) чорак баҳосига биронта 4 туширмаган, қизил аттестат олишга синфдаги ягона даъвогар, туман олимпиадаси ғолиби ва ўзини яхшигина билимдон ҳисоблаган мен, уларни кўриб бурним анча пастга тушган очиғи.

Майли, айтмоқчи бўлган асосий масалам бу эмас. Муҳими, шу кўрсатувнинг сўнггида бошловчининг "Завод тўла Спарк, кутубхона тўла китоб. Китоб ўқинг ва Спарк ютинг" — деган гапи мени ўйлантириб қўйди.

Биринчидан, шунча китоб ўқиб, хотираси Республикамиздаги энг топ даражада бўлган иштирокчиларнинг 14тасидан (вилоятлар кесимида) атиги битта донасигина Спарк ютади. Ахир, шу босқичгача етиб келганига, буларнинг ҳар бири Спаркка ҳақлику...

Иккинчидан, нимага биринчи ўринга 4чи йил қаторасига Спарк? Инфляциячи, ҳисобга олинмайдими? Умуман олиб қараганда нимага биринчи ўринга Спарк? Тушунинглар, юқори даражадаги ақл-заковатга эга бўлган мутолаа шинавандалари орасида ҳисобланган, Республика босқичигача етиб келган ва барча вилоятларнинг энг зўрларидан устун келган китобхон, яъни 1чи ўрин эгаси жуда бўлмаганда Малибу 2га лойиқ-ку!

Аҳир давлат бюджетидан Сардоба сув омборига ўхшаган қурилишлар учун миллиардлаб пул ажратилябти-ку. Бир йилда бир марта, 3 ёш тоифасида бўлади танлов, бу дегани 3 дона Спарк бир йилда. Кулгили... Нега энди, бу китобхонларга тузукроқ совға берилмайди? Иккинчи ўринга, адашмасам, компьютер; учинчи ўринга, бир қути китобгина бериляпти!

Майли давлат бюджетидан унақа катта сумма ажратилишининг иложи йўқлигига ишондик ҳам дейлик. Лекин, нимага хусусий сектордагиларнинг ҳеч қайсиси тайинли ҳомийлик қилмаяпти? Ҳалқимизга на маънавий, на маданий фойдаси тегмайдиган теле-шоучаларга ҳомийлик деса қўша-қўша машиналарни совға қилиб юборишади-ку. Эхх..

Учинчидан, завод тўла Спарк дейишди... Хабарлари йўқ шекилли. Ҳозир Спарк механикасини умуман чиқармаяпти завод, табиийки сотувда ҳам янгиси йўқ. Фақат 4чи позиция, автомат коробка, нархи 94 миллион бўлган Спаркларни сотишяпти. Ва бу бизнинг айни дамдаги энг арзон машинамиз.

Тўртинчидан, рағбатлантиришни янада бойитиш керак эмасмикан?! Яъни "Зулфияхоним" мукофотига ўхшаб, Президентимизни шаҳсан ўзлари медал тақиб қўйсалар арзийдику шу ғолибларга... Улар кўп эмас бир йилда 3 дона чиқади!

Шунчаки : telegram.me/klassik_inson