Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ўзидан бездирувчи тизими ҳақ | Kitobxon kundaligi

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ўзидан бездирувчи тизими ҳақида

1. Кутубхонага киришда қаттиқ текширувдан ўтасиз, аввал металлодетектордан ўтасиз, ўтгач эса, гвардия ҳодими аввал қўлингиздан бошлаб пастга қараб уч тўрт ердан ушлаб, текширади. Ёзда юпқа кийимга қараб аниқ кўриш мумкин бирор нарса яширмаганини. Лекин, ушлаб текшириш шарт. Кейин, сумкангизни очтириб, ичини обдон кўради, бу нима деб сўрайди, жавоб берасиз.

2. Шундан кейиноқ гардеробга ўтасиз, "ширинсўз" ходималар тарбия дарсини ўтишади, ҳар бир ёш бундай сийловдан "бебаҳра" қолмайди. Сумкангизни олиб киришингиз мумкин эмас, шу билан бирга сумкангизда нарсаларни қолдириб киришингиз ҳам иложсиз, катта қилиб ёзиб қўйишган "гардеробга қўйилган сумкаларингиз ичидаги нарсаларга жавоб бермаймиз!" Жавоб беролмаса, сумкани ичкарига қўйсин, бўлмаса жавоб берсин. Қизиғи сумкангиз ичидаги бор нарсани қўлизга оволасиз, компьютер, уни қувватлагичи, китоблар, дафтарлар, ручкалар ва ҳ.к. Айтганча, ҳар бир китоб учун рухсатнома ҳам олишингиз керак.

3. Кутубхонанинг асосий қисмига гувоҳномасиз кира олмайсиз, гувоҳномани олиш пуллик. Қўлингиздаги нарсалар билан иккинчи текширув "пост"ига келасиз. Постда одамларни кўп кўрганидан зерикиб кетган гвардия ҳодими қўрслик билан (шунисига тушунмайман, биз ўта жиддий юз ифодаси бўлмаса ҳам гвардия ва иив ҳодимларини бирдек ҳурмат қилаверамиз) текширувдан ўтказади, гувоҳномангизни кўради, ундаги расмингизни сизга ўюшатишга ҳаракат қилиб икки-уч бор қарайди. Қизиғи, ҳодим китобларни ҳар бирини тезда варақлаб чиқади. Бу нега керак тушунмадим.

4. Кутубхона ичи ҳам психологик жиҳатдан одамни эзади, унинг ичида жуда кўп нарса мумкин эмас, масалан телефондан фойдаланишда ҳам муаммолар бор.

5. Кутубхонадан ўзингизга керакли китобни топдингиз, қизиғи шу ерда бошланади. Уни нусхалаб олишингиз мумкин эмас. Тўғрироғи, 15%ини нусхалаш мумкин. Муаллифлик ҳуқуқини тушунамиз, лекин, бу чиқарилганига 50 йилдан ўтган китобларга ҳам тегишли экани таажубга солади.

6. Чиқиб кетишда ҳам юқорида айтганим, жиддий юз ифодасидаги гвардия ҳодими яна гувоҳномани сўрайди," "чиқиб кетяпманку, бу нега керак", десангиз, "талаб шунақа", - дейди. Чиқиб кетаётганда кириш гувоҳномасини сўрайдиган Ўзбекистондаги ягона ташкилот Ўзбекистон "Миллий" кутубхонаси бўлса керак.

Хуллас, кутубхона ёшларни ўзидан бездиради, психологик жиҳатдан қандайдир қафас ичига киргандек эзади, бемаъни қоидалар ва тартиблар кўп. Аслида кутубхоналар эркинликни ҳис қилишга ёрдам берадиган муҳит яратиши керак, шундагина ўзига чорловчи, оҳанрабо бўлиб ўқувчиларни ўзига чорлайди. Кутубхонага кириш ҳамма учун бўлиши керак. Ишонинг юқоридаги тартиблар одамни чарчатади, бездиради холос.

Ҳозир ўқувчилар мажбурликдан, бошқа танлов йўқлигидан (кутубхонада босма ва электрон китоблар, диссертациялар ресурси жуда катта) Миллий кутубхонага боришга мажбур.

Миллий кутубхона раҳбарлари кутубхона ғоясини қайтадан кўриб чиқишлари, унинг фаолияти моҳиятини ўзгартиришлари керак.

Кутубхонанинг ютуқлари ҳам бор, масалан, ичкарида барча хизматлар пуллик, пулини эса ўша рухсатнома картасидан ечиб олишади.

Бу шахсий фикрлар, кутубхонада кўрганларим. Аслида, бошқача кўз билан қараш ҳам мумкин.

Каналга уланиш
https://t.me/vatanparvarmas