Get Mystery Box with random crypto!

Подагра қандай касаллик? Подагра беморларда қайталанувчи ўтки | Терапия || Касалликлар

Подагра қандай касаллик?

Подагра беморларда қайталанувчи ўткир артрит ва подагрик тугун (шиш)лар – тофуслар ҳосил бўлиши билан кечади. Бўғимлар зарарланиши билан бирга буйракларнинг шикастланиши ҳам подагранинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.

Подагра (грекча сўздан олинган бўлиб “оёқ қопқони” деган маънони билдиради) – метаболизм (моддалар алмашинуви)нинг бузилиши натижасида юзага келадиган касаллик бўлиб, организмнинг турли тўқималарига натрий моноурати кўринишида урат тузлари ва сийдик кислотаси кристаллари тўпланиши билан тавсифланади. Ушбу хасталик асосида организмда пешоб кислотасининг йиғилиши ва унинг буйраклар орқали чиқарилишининг бузилиши ётади. Бу ҳолат қонда шу кислотанинг кўпайиши (гиперурикемия)га олиб келади.

Бу дард кўпроқ эркакларда учрайди. Лекин охирги вақтларда ушбу хасталик аёллар ўртасида ҳам тез-тез учраб турибди. Катта ёшли аҳоли ўртасида касаллик кўп аниқланади.

Тарихий маълумотларга назар солинса, подагранинг анча қадимдан маълумлиги кўринади. Касаллик хақидаги энг дастлабки ҳужжатлар Миср давлатида эрамиздан аввалги 2600 йилда қайд этилган. Улар оёқ панжасидаги катта бармоқдаги артритнинг таърифланишига асосланади. Юнон шифокори Гиппократ эрамиздан аввалги В асрда ўзининг “Aфоризмлар”ида касаллик аёлларда менопауза (климакс)гача учрамаслигини айтиб ўтган. 1679 йилда голланд олими Aнтони Ван Левенгук биринчи маротаба пешоб кислотаси кристалларини микроскопик тузилишини таърифлаб берган. 1899 йилда подагрик артрит хуружида бўғим суюқлигида урат кристаллари аниқланган. Ўрта асрда ва ХХ асргача асосан подагра билан бой ва таниқли шахслар касалланган. Шунинг учун подагра дарди “аристократлар хасталиги” деб аталган. Касаллик ортиқча тана вазни, кўп овқат истеъмол қилиш (асосан гўшт маҳсулотлари), алкогол суистеъмоли билан боғлиқ деб саналган.

Менопаузагача аёллар подагра билан камдан кам ҳолатларда касалланади. Эҳтимол бу эстрогенларнинг пешоб кислотасига ижобий таъсири оқибатидир. Ўсмирлар ва ёшларда подагрик ўткир хуруж жуда кам ҳолларда учрайди. Одатда бу ҳолат сийдик кислотаси синтезининг бирламчи (туғма) ва иккиламчи нуқсонидан келиб чиқади.

Подагра сабаблари

Подагранинг келиб чиқиши ва ривожланишига таъсир қилувчи бир қатор салбий омиллар мавжуд: Ушбу хавф омилларига артериал гипертония, гиперлипидемия каби касалликлар киради. Шунингдек, организмга кўп миқдорда пурин асосларининг тушиши, масалан, кўп миқдорда қизил гўшт истеъмол қилиш, балиқнинг баъзи хиллари, кофе, какао, чой, шоколад, нўхат, алкогол айниқса, ўзида пешоб кислотасининг дастлабки маҳсулоти бўлган гуанозин ва ксантин моддасини сақловчи ичимлик – пиво ичиш ҳам сабаб бўлади. Пурин нуклеотидлари катаболизмининг ортиши масалан, ўсмага қарши даволаш муолажаларида аутоиммун касалликларидаги кучли апоптозда ҳам кузатилади. Яна сийдик кислотасининг пешоб билан ажралишининг сусайиши яъни, буйрак етишмовчилигида ҳам беморнинг аҳволи танг бўлади. Пешоб кислотасининг организмдан чиқарилиши пасайиши билан бир вақтда унинг қайта ишлаб чиқарилиши, масалан синтезининг ортиши (алкогол суистеъмоли, шок ҳолатларида) хаста анча безовта бўлади. Бу хасталикка наслий мойиллик бўлиши эҳтимоли ҳам юқори.

ДAВОМИ

@KasallikHaqida -Касалликлар тўлиқ форматда.