Get Mystery Box with random crypto!

Собиқ СССР Президенти Михаил Горбачевнинг дафн маросими, Росси | Камолиддин Раббимов

Собиқ СССР Президенти Михаил Горбачевнинг дафн маросими, Россияда давлат даражасида ўтказилмас экан. Путин номидан таъзия билдирилган, лекин Горбачевни дафн қилиш борасида, давлат ўзини тортган. Шу холат ҳам Путиннинг СССРга ва уни тарқалишида маълум рол ўйнаган Горбачевга салбий қарашини кўрсатади.
*
Горбачевнинг Путинга муносабати ҳам зиддиятли эди. Баъзан Путинни танқид қиларди, баъзан мақтарди. Горбачев Россиянинг Грузияга қарши урушини, ҳамда Қиримни аннекция қилиниши маъқуллаган эди. Лекин, шу йилги Украинага бостириб киришини жиддий танқид қилганди.
*
Ельцин ҳокимиятдан кетгач, бир неча марта бўлаётган ишларга, жумладан, Россиядаги демократияни демонтаж қилинишига қарши фикр билдиришга ҳаракат қилганди. Ҳатто бир-икки марта Путин сиёсатига қаршироқ интервью ҳам берди. Лекин, шундан кейин Ельцин атрофини кучлироқ қуршовга олишди, ва 2007 йилда у вафот этганди. Горбачев бўлса, ҳаётини охиригача тўсиқларга қарамади, ўрнатилган ўйин қоидаларига ҳам кўпинча риоя қилмади. У Ельцинни ҳам, Путинни ҳам танқид қилиб турди.
*
Ҳозир постсовет ҳудудида собиқ СССРдан қолган жароҳатлар, ҳиссиётлар кучли. Шунинг учун, СССРга тарих сифатида эмас, кечаги зулм машинаси ва истиқболдаги эҳтимолий лойиҳа сифатида қараш мавжуд. Вақти келиб, СССР тўлиқ тарихга айланади. У билан боғлиқ эҳтирослар тинади. Ана ўша пайтда, Ўзбекистонда ҳам “СССР тарихи музейи” ташкил қилиш, ва келажак авлодларга бу давлат инсоният тарихидаги энг катта сиёсий экспериментлардан бири бўлганлигини кўрсатиш лозим бўлади. СССРда дахшатли жиноятлар ҳам, катта ижтимоий ютуқлар ҳам бор эди.
*
СССР тарихи ва уни парчаланиши ҳақида гап кетганда, Горбачев ва Ельцинлар ҳам алоҳида тилга олиниши лозим бўлади. СССР давлати ҳақида фикрлашдаги энг асосий савол, назаримда, “нима учун Бухоро Амирлиги, Қўқон ва Хива Хонликлари, Туркистон/Марказий Осий давлатлари ва халқлари, шу қадар рақобатдошликни йўқотиб, Европанинг энг қолоқ империяларидан бири бўлмиш Чор Россиясига, сўнгра қизил империяга тўлиқ ўз мустақиллигини бериб қўйди?” бўлиши керак.
*
Тарихни билишнинг асосий вазифаси – хатоларни яшириш эмас, кўрсатиш ва уларни билгач, бу хатоларни олдини олиш устида ишлаш бўлади. Кимки, ниятидан қатьий назар, тарихни кичик бир қисмини бўлса ҳам яширишни еки айланиб ўтишни таклиф қилар экан, ўша даврдаги хатоларни билиш ва тузатишга тўсиқ яратаётган бўлади. Ўзбекистонда эса, тарих - хонликлар даврида ҳам, совет даврида ҳам, ҳозир ҳам, мафкуравий қобиқда қоляпти...

@KamoliddinRabbimov_rasmiy