Get Mystery Box with random crypto!

Дунё бир камми? Барча жамиятларда жуда машҳур ғоялардан бири | Just Economics

Дунё бир камми?

Барча жамиятларда жуда машҳур ғоялардан бири — ҳар инсонда ва вазиятда, «кам-кўсти», «паст-баланди» борлиги. Яъни дунё бир камлигига бўлган ишонч, биз инсонларда жуда ривожланган ва кенг тарқалган. Зафар Ҳошимов ҳатто бу ҳақида ажойиб шер ёзган, Севара Назархон ва Рашид Холиқов эса ашула қилиб куйлашган.

Бир кам дунё ғоясига ишонсак, чиройли инсонлар ақлли бўлиши эҳтимоли кам, ёки масалан ўз касбида муваффақиятга эришган инсонлар уйидаги бахти ва саодатидан воз кечишга мажбур бўлишган, катта эҳтимол билан, касби ва карьераси яхши, лекин дейлик муносабатлари ёки уйида муаммолари кўп деб ўйлаймиз. Ғоя шундаки, бизга кўринган «яхши» сифати бўлса, унга манфий компенсация қилувчи ёмон сифатини фараз қиламиз. Инсонни чиройини биринчи кўрганимиз учун, автоматик равишда уни унчалик ақлли эмас деб ўйлашимиз мумкин. Худди шундай, инсони касбини биринчи кўрганимиз учун, шахсий ҳаёти муаммолик деб ўйлашимиз мумкин.

Бу назарияни амалий синовдан ўтказишибди ва қизиқ янгилик шундаки — ундай эмас экан. Жуда ҳам иқтидорли инсонларни 25 йиллик карьераси ва ҳаёти ўрганилиб хулосага келиндики, ўртача ва ўта муваффақиятли инсонларни солиштирсак, катта муваффақиятга эришган инсонлар, кўп психологик параметрларда, хусусан «бахтлилик» каби субъектив параметрларда ҳам, ўртача муваффақиятга эришган инсонлардан яхшироқ кўрсаткичларга эришишди.


Айтиш жоизки, бу тадқиқот жуда ҳам иқтидорли 496та аниқ фанлардаги энг зўр университетлар докторантлари орасида қилинган, уларни 1992 йилдан 25 йил ичидаги шахсий ҳаёти ва карьераси ўрганилиб солиштириш қилинган. Яъни бу тадқиқотда «ўртача кўрсаткич» ҳам, ниҳоятда юқори малакага эга — техник фанлардан масалан МИТда докторлик даражасини ёқлаган инсонлар ҳақида гап кетяпти. Улар ичида ўта муваффақиятлилари — бахтлироқ ва шахсий ҳаёти ҳам яхшироқлиги кўрсатилган.

Бир кам дунё гипотезасининг амалдаги биринчи текширувларидан, қизиғи шундаки, мен билмас эдим, «бир кам дунё гипотезасини» амалдаги тасдиқлари деярли йўқ — лекин ниҳоятда машҳур ғоя. Менимча, бундай хусусият бизга керак, бошқа инсонлар ўзимиздан ҳар жабҳада яхшироқ бўлишини қабул қилишимиз қийин, шунинг учун ҳам бой инсонларни дўстлари самимий эмас деб ўйлашимиз мумкин — ўзимизни овунтириш жуда муҳим биологик функцияларга эга.

Хуллас, бу яхшими ёки ёмонми, лекин дунё бир кам дейишга далилларимиз кам.

Шахсий ҳаётда шундай эканлиги менга янгилик бўлди. Лекин жамиатлараро масалаларда бу фикр хатолигини кўп кузатган эдим. Камбағал жамиятда яшайдиганлар, бой жамиятларда бошқа муаммолар ҳам кўп дейишади, масалан, «ғарбда одамгарчилик йўқ» деган ғоя ҳам бор. Ёки «майли биз фаровон яшамаймиз, лекин маънавиятимиз юқори» деган ғояларни кўп эшитганмиз. Сабаби ўша «бир кам дунё» назариясига ишонч. Жамиятлараро фарқни кузатсангиз, бу назариялар хато эканлигига тез амин бўласиз. Бойроқ жамиятларда одамгарчилик ҳам яхшироқ (афсуски).

YouTube
Bir Kam Dunyo
Real music video by Sevara Nazarhan & Shaxzod

(C) Iqtisodchi kundaligi