2021-12-16 12:55:54
Ҳижобга кирган аёл ҳикояси.
Отам ёшлигимда вафот этганлар. Унаштирилиб турмушга чиқишимга саноқли кунлар қолганда онам ҳам дорулбақога риҳлат қилдилар. Унаштирилган одамим кутолмаслиги айтиб айниб кетди. Онам отамнинг иккинчи турмуши эди, аввалги аёлидан икки опам бор эди. Ўгай опам онам вафотидан кейин бир одамга мени зўрлаб узатиб юборди. Қийинчилик кўриб улғайганим сабаб янги ҳаётимдаги қийинчиликларга ҳам тез кўникиб кетдим. Кетма кет учта фарзандли бўлдим. Ҳаётим бир маромда ўтарди: иш, уйдаги юмушлар, болаларимни уй вазифаларини қилдириш, баъзан қариндошларникида тўй-томоша, туғилган кун ва улардаги эркак-аёл аралаш ичкилик билан ўтадиган йиғинлар...Менга булар оддий ҳолатдек эди, ҳаммани ҳаёти шундай эди назаримда... Бир куни одатдагидай ишдан қайтиб бироз уйим олдида қўшни аёллар билан гаплашиб қолдим. Махалламизга кўчиб келганига ҳали кўп вақт бўлмаган келин ҳам улар орасида эди. У келин ёш бўлишига қарамай кенг хижоб ва катта рўмолда юрарди. Авваллари шунақаларни кўрсам энсам қотарди. Аммо бу келинни негадир ёқтириб қолдим. Гапиришлари, ўзи ҳам ёқимли эди. Бора-бора бу келин билан кўпроқ гаплашгим келаётганини ҳис қилдим. У мен билан фақат дунёвий нарсалар ҳақида гаплашарди.(Кейинчалик бу ўзига хос психологик жараён бўлгани, бир-биримизга яқинлашиш учун менга ёқадиган гаплар қилганини билдим). У билан танишганимга бир ойча бўлганда бир кун суҳбатимиз бошқача бўлди. Мен у кунни- мен ҳидоят топган ўша кунни асло унутмайман, унутолмайман. Ўша куни салом-аликдан сўнг савол берди:
- Опа, мусулмонмисиз?
Ўзим англаб етмайдиган, аммо тўтиқушдек такрорлайдиган гапни айтдим:
-Алҳамдулилло, мусулмонман.
-Мусулмоннинг бурчлари, фарзларини биласизми?
Нима деб жавоб беришни билмай қолдим, чунки бу саволларни жавобини билмасдим...Келин менга мусулмон одам билиши керак бўлган 40 фарзни айтди. Малоикларга иймон деганда, ҳайрон бўлиб малоик нималигини сўрадим. У кулиб:
-Опа, истасангиз уйимга чиқинг, сиз билишингиз керак бўлган нарсаларни суҳбатлашамиз,-деди.
-Хозироқ билгим келяпти,-дедим ва у билан бирга уйига чиқдик. Жуда узоқ суҳбатлашдик. 40 йиллик умрим зое бўлганини, гуноҳу маъсиятлар билан ўтказганимни англадим. Муслима келин эса тавбага кеч эмаслигини, тирик пайтимда Аллоҳни танишимга Ўзи имкон бераётгани, бу эса Аллоҳ мени севишини билдиришини айтиб мени кўнглимни кўтарарди. Шу бугундан бошлаб қайтадан шаҳодат айтиб хижобга кирдим. Эримни қаршилигига қарамай ишимни ташлаб муслима аёл вазифаларини ўргана бошладим. Ҳатто малоик нималигини билмайдиган мендек аёл бир неча ой давомида намоз, Қуръон ўқишни ўргандим. Ўша муслима келин сабаб анчагина илм олдим. Эрим деярли ҳар куни махалладаги эркаклар билан ичиб маст-аласт юрарди. Мен ёнгинамиздаги масжидга намозга ўтувчи эркакларга ҳавасим келар, мени эрим ҳеч қачон намоз ўқимаса керак деб ўйлардим. Муслима келинга ҳам бу ҳақда айтардим. У мени доим Аллоҳга қаттиқ боғланишим кераклигини айтарди.
-Аллоҳдан сўрайверинг, У албатта истаганингизни беради. Агар дуоингиз қабул бўлмаётган бўлса, камчиликни ўзингиздан қидиринг. Сиз кечалари таҳажжудга туриб Аллоҳдан йиғлаб илтижо қилинг, Аллоҳ бандаларини илтижосини албатта қабул қилади,-дерди.
Алҳамдулиллаҳ, дуоларим ижобат бўлиб эрим ҳам намоз ўқий бошладилар. Аввалига 1-2 вақт ўқилган намозлар бор-бора тўлиқ бўлди.Масжидга шу қадар боғландиларки, 5 вақтни биронтасини канда қилмай масжидда ўқийдиган бўлдилар. Қўл учида кун кўрардик, Аллоҳ топганимизга барака берди, бу йил биринчи марта қурбонлик қилишга ҳам қодир бўлдик. Ёшим 58 да. Кеч бўлса ҳам Аллоҳни таниганимга, хижобга кирганимга шукр қилишдан ва мени, оиламни ҳидоят топишига сабабчи бўлган муслима қўшнимизни дуо қилишдан тўхтамайман. Доим такрорлайман: мен қирққа кириб малоик нималигини билмайдиган аёл эдим, менга Ўзини билдирган Аллоҳга беҳисоб шукр.
Каналимиздан узоклашманг
http://telegram.me/joinchat/AAAAAD-P8ken1Vdg4I7QWg
4.4K views LiDER √, 09:55