Get Mystery Box with random crypto!

Оролни қуритдинглар. Амударё ва Сирдарёни бўғдинглар. Зарафшон | Qaydlarim

Оролни қуритдинглар.
Амударё ва Сирдарёни бўғдинглар.
Зарафшонга заққум ташладинглар.
Нориннинг "сиқиб сувини ичдинглар".
Чўллардаги саксовулларни аёвсиз кесдинглар.
Одамларга газ ва свет бермагандинглар, ўзлари чор-атрофдаги дарахтларни кесиб, ёқворишди.
Сизлар эса улардан қолган дарахтларни кесяпсизлар.
Кўкаламзор шаҳарларнинг катта дарахтларини кесиб, чўл қилдинглар.
Шаҳарлардаги сунъий кўлларни қуритдинглар. Қурилиш баҳонасида оқиб турган анҳорларнинг сувини тўсдинглар.
Шаҳарларни пиёдалар учун эмас, машиналар учун қулай қилишга бел боғладинглар.
Дунё тоза энергияга ўтаётганида, сенлар кўмир ва мазутдан электр ишлаб чиқаришни авж олдирдинглар.
Ерости сувларини истаган кас қудуқ қазиб, бебилиска ишлатиб ётибди, оқибатда чўллашиш тезлашди.
Бизнесни ривожлантирамиз, дея, сув ресурсларини аёвсиз ишлатяпсанлар.
Химзаводлар ҳавони ва сувни заҳарлаб ташлашди.

Чиқараётган қарорларингнинг бирортаси табиатни асраш учун эмас! Бир-икки қарорларинг эса ишламаяпти. Ишламайдиям-да!

Айрим ҳудудларда чанг бўрони бўлганини эшитганим, кўрганим бор, аммо умрим давомида Тошкентда чанг бўрони кўрмаганман. Хўш, кўзларинг очилармикин? Табиат ва экологияга бошқачароқ қарармикинсанлар?

Йўқ, ўзгармайсанлар! Нафсинг ҳакалак отган, пул бўлса бўлди сенларга! Ерларни сот, қурилишларни бос, ҳаммаёқни заҳарла! Эртага кеч бўлганида тоза сувнинг ўрнига пулингни ичолармикинсан? Тоза ҳаво ўрнига пулларингдан нафас ололармикинсан?

Биламиз, ҳамманг болаларингни четда ўқитасан, чет эл фуқаролигини олиб бергансан, ва аниқки, келажагингни юртинг билан боғламагансан. Юртингни охирги квадрат метригача сотиб, пулингни олиб, қочворасанлар!

Шунча қарғиш керакми сенларга?