Get Mystery Box with random crypto!

​'Жадидлар' тўпламини олиб келиб беришганига анча бўлганди, эн | Jadidlar ( Джадидизм )

​"Жадидлар" тўпламини олиб келиб беришганига анча бўлганди, энди вақтим бўлиб, танишиб чиқдим. Кечикиб кетган бўлсам ҳам, бу тўплам атрофида кўтарилган кичик хайп бироз тинган бўлса ҳам, эсга олиб ўтай.

Тўплам саккизта китобчадан иборат. Ҳар бири бир машҳур жадиднинг ҳаёти ва ижодини қисқача ҳикоя қилиб беради. Мундарижа шахсларнинг таржимаи ҳоли, фаолияти, ҳикматли сўзлари ва эътироф этилишидан иборат.

Бир нарсани бошидан айтай. Шахсан мен учун бу китобларда келтирилган маълумотларнинг кўпи янгилик эмас. Яъни бу тўпламдан жадидчилик ҳақида чуқур маълумот олиб бўлмайди. Ўзим яхши тушунган соҳада нуқул чуқурлашишни талаб қилавериб, ўзим ҳам танқидга учраяпман, бошқаларнинг меҳнатига беҳурматлик қилгандай таассурот уйғотяпман. Бу китоб устида ишлаганларнинг меҳнатини ҳурмат қилишимни айтиб ўтай (улар орасида Баҳодир Каримовдай забардаст олим ҳам борлигини қўшиб кетай).

Қолаверса, охирги пайтлар бир нарсага кўп гувоҳ бўляпман: мен (ўзимча) хоҳлайдиган чуқур, батафсил маълумотни, контентни истеъмол қиладиган аудитория унча катта эмас. Бунинг устига, мавзудан умуман бехабар одамлар ҳам жуда кўп, уларга шу қисқа, энциклопедик маълумот бирламчи таассурот ҳосил қилишга етади. Жадидлар, жадидчилик тренддаги, кўпчиликни қизиқтаридаган мавзу эмаслигини инобатга олсак, ҳозир кенг оммага, айниқса ёшларга бу ҳақда бирламчи маълумотни етказа олсак ҳам катта ютуқ бўлади.

Хуллас, ушбу тўпламнинг чоп этилишини жадидчиликка қизиқишни уйғотишга қаратилган илк қадам ўлароқ яхши ташаббус деб баҳолайман. Аммо келажакда бу иш давом эттирилишини хоҳлайман: жадидларнинг каттакон китоблари ҳам чоп этилсин, ҳар бирининг алоҳида тўплами бўлсин.

Ҳозирча жадидларнинг жуда катта қисми биз учун китобдаги бир сурат бўлиб қоляпти, аксариятининг қарашлари, шахсий кечинмалари, ўзига хос жиҳатларини билмаймиз. Уларнинг мероси билан яқиндан танишсак, мана шу тасаввур ҳосил бўлади.

Яна бир гап. Жадидчилик аслида биз ўйлаганимиздан ҳам кўра кенгроқ ҳаракат бўлган. Ҳали номи эсланмаган, мероси ўрганилмаган қанчадан-қанча зиёли турибди. Уларга ҳам эътибор қаратайлик, таржимаи ҳолини, меросини ўрганишни бошлайлик. Жадидчилик ўзбек тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан биридир, унинг аҳамиятини тушуниш учун аввало уни яхшилаб ўрганиш керак.

@AsanovEldar