Get Mystery Box with random crypto!

НАМОЗ БОШЛАЙ ОЛМАЯПМАН 1355-савол Намоз ҳақида Ассалому алай | 🍀Iymonli Qalblar

НАМОЗ БОШЛАЙ ОЛМАЯПМАН

1355-савол
Намоз ҳақида

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар. Саволим: мен ҳар гал намоз ўқишга аҳд қилиб уринганимда қалбимдан шайтонга алданиб орада ўқимай ташлаб қўйсам ҳозиргиданам каттароқ гуноҳга қоламан деб бошлай олмайман, яна ич ичимдан қандайдир тўсиқ бордай ҳеч ҳам намозни бошлай олмаяпман. Илтимос нима қилишим юзасидан ёрдам беринглар.

ЖАВОБ:

- Ва алайкум ассалом! Ҳеч нарсага қарамасдан, кечиктирмай намозни бошланг.
فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝ الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝
4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим сааҳуун» – «намозларини унутувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим» – «намозларида» дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб, хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилиб, дарҳол тўғрилайди.
Ушбу оятда зикр қилинганлар мунофиқлар эканига келаси икки оят ҳам далилдир.
الَّذِينَ هُمْ يُرَاؤُونَ۝
6. Улар риё қиладиганлардир.
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати

Улашинг | @IymonliQalblar

Линкни босинг ва «Иймонли Қалблар» га қўшилинг!

https://t.me/joinchat/AAAAAEBdYPL-xS4nccSeUA