Get Mystery Box with random crypto!

Азиз биродарлар! Мана шу ведеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқ | ITTAQILLAH

Азиз биродарлар!
Мана шу ведеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалганига роса 2 ой бӯлди. Барчамизга маълум, ӯшанда коронавирус сабабли дунё бӯйлаб масжидлар ёпила бошлаган эди. Шу ведеолавҳадаги имом бир таъсирчан гапни гапиргандилар.
Яъни, жамоат:
– Бу (бало-офат) қачонгача давом этади, домла? - деб сӯраганларида,
Имом:
– АЛЛОҲ БИЗДАН РОЗИ БӮЛГУНИЧА! - деб мунгли жавоб берган эдилар.

Хӯш, мана, 2 ой ҳам ӯтиб боряпти. Биз мӯминлар Аллоҳ таоло бизлардан рози бӯлиши учун нималар қилдик?
Масжидларимиз очилишини сӯраб кӯп дуолар қиляпмизми?
Ӯзимизни ислоҳ қиляпмизми?
Бу бало-офатлардан ибрат оляпмизми?
Ёки орамиздаги айримларимиз бу балолар тугаши биланоқ яна ӯша эски одатларимизга, яширин-у ошкора гуноҳларимизга, маъсиятларимизга ошиқяпмизми?

Аллоҳ таоло Ӯзи яратган инсонларнинг ҳолатини ҳаммадан ҳам яхши билади.
Бошимизга бало келганда, Аллоҳ таолога нажот сӯраб ёлворишимиз ва Роббимиздан ёрдам келиб, бошимиздан балолар ариганида, яна аввалги ҳолатимизга қайтиб, иймон йӯлидан юрмай, шайтоннинг йӯлларида адашиб-улоқиб юришимизни ҳам билади.
"Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ӯтирган ёки тик турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарни кетказсак, худди ӯзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир..."
("Юнус" сураси, 12-оят)

Ахир, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бизга ёрдам бера олмаслигини наҳотки тушунмасак?!
Ҳали ҳам бу балолар учун ҳеч бӯлмаганда тавба қилишимиз кераклигини англамадикми?
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Ӯз Каломида: "Албатта, то бирон қавм ӯзларини ӯзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ӯзгартирмас", деб айтиб қӯйибди.
("Раъд" сураси, 11-оят)

Билмадим, қачон ӯзгарамиз...
Ожиз бир банда эканимизни қачон англаймиз, ахир?!
Аллоҳ таолонинг амрига итоат ва Ӯзигагина ибодат вазифамиз, бурчимиз, фарзимиз, қарзимиз эканини қачон тушунамиз, билмадим...

Эй Роббимиз, энди яна Ӯзинг бизларга раҳм айла!
Яна Масжидларимизда ибодатларимизни бемалол адо этишимизни насиб этгин!
Масжидларимизни соғиндик.....
Сенинг Байтларингни соғиндик.
Лутф-у карамингга зор ожиз бандаларингмиз.....
Зеро, Лутфингдан бошқа ҳеч нарсага арзимаймиз. Иймонларимиз чала, ибодатларимиз қусурли. Қалбларимиз кунда минг бора ӯзгариб туради.
Қалбларимизни Ӯзинг ислоҳ қил ё Роббим!
Бизга Байтларингни яна очиб бер!....
Айбларимизни, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни Ӯзинг кечир! Ӯзингга тавбалар қиламиз! Ожизлигимизни танъ олиб, Ӯзинггагина ёлворамиз: Аллоҳим, даргоҳингдан бошқа бош уриб борадиган жойимиз йӯқ. Сендан ӯзга меҳрибонимиз йӯқ!
Бизни даргоҳингдан қувма, уйларингдан ҳайдама!....
Йаа Роббал оламин!
Масжидларимизни очиб бер, йаа Арҳамар-роҳимийн!

Дониёр Файз

@doniyorqori