Get Mystery Box with random crypto!

Суд амалиёти ( 4-1001-2112/1150-сонли иш) Юридик шахслар ў | Irina Kh., Economic Court Judge

Суд амалиёти
( 4-1001-2112/1150-сонли иш)


Юридик шахслар ўртасидаги улушли мулкдан биргаликда фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги талаб иқтисодий судга тааллуқли

Даъвонинг мазмуни:

МЧЖ давлат унитар корхонасига (ДУК) нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, уч қаватли бинонинг барча қаватларига умумий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган қисмлари - зинапоялари, ертўла, чердак ва том, муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, МЧЖ ва ДУКга ҳам хизмат кўрсатадиган механик, электр ускуналари ва қурилмаларидан МЧЖ ва ДУКнинг бир хилда фойдаланиш тартибини белгилашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво аризасини қабул қилиш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ажрим ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими ҳамда апелляция инстанцияси судининг қарори бекор қилиниб, даъво аризаси биринчи инстанцияда кўриш учун юборилди.

Суднинг асослари:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 26-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ суд қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 219-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчилари келишувига мувофиқ амалга оширилади. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш суд томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Мазкур ҳолатда юридик шахслар ўртасидаги улушли мулкдан биргаликда фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги талаб иқтисодий судга тааллуқлилиги ва иқтисодий суд томонидан ҳал этиладиган низо эканлиги инобатга олинмаган.