2021-01-22 19:43:58
«Одоб» номли ниқоб
Аслида ҳозир ёзадиган гапларимни Said Komil M. Holhojayev аканинг «Даъво бошқа даъват бошқа» номли постларининг остида изоҳ қилиб ёзмоқчи бўлгандим. Ёзиладиган гапларнинг фойдаси кўпроқ ва қамрови кенгроқ бўлсин учун алоҳида пост қилишни мақъул кўрдим.
Гапни Саид Комил аканинг постидан бошласак.
«Даъво бошқа даъват бошқа.
Даъво ҳақ ёки ботил бўлади. Даъват эса қўпол ёки мулойим бўлади.
Ботил нарсага мулойим даъват қилиш, ботилни ҳақ қилиб қўймайди. Насроний миссионерларнинг даъват қилишини кўрганингизда эди, қанақа мулойим даъват қилишини. Шайтон алайҳилаъна нима деганди, «Дарахтдан егин аҳмоқ» демаган, «мен сенга насиҳат қилаяпман», сенга яхшиликни раво кўраяпман деганди.
Кўпчилик одамлар шу ерда фитналанади. Сиз нимани қидираётганингизга қаранг, ҳақними хулқними?
Инсонни мулойим сўзлар билан йўлдан ураётган шайтоннинг хулқини гўзал хулқ дейиш мумкинми?» ( Саид Комил М. Ҳолхўжаев).
Юқоридаги гапларда катта ҳақиқатлар яширинган. Аслида бизга ҳақ керакми хулқми?!
Бугун биз одоб деса мулойим гапириш, бировнинг номини ёмонлик билан тилга олмаслик, юмшоқ супурги каби қўли кўксида бўлишу тилидан бол томиб туришнигина тушуниб қолганмиз. Ушбу сифатларга эга киши юзида табассум билан ҳар нима қилиши ва айтиши мумкин деб ўйлаб қолдик. Ҳатто у катта имомларимизни, мазҳаббошиларимизни адашган деса ҳам, бир минг уч юз йиллик уламолар карвонини залолатда деса ҳам майли, етарки мулойим бўлсин, етарки шиддат билан гапирмасин...
Айни пайтда қарши тараф ич-ичидан куюниб, шиддат билан ҳақни мудофаа қилса, ҳақ йўлида бировлар билан жадал қилса, унинг гапларининг моҳияти қолиб, уни беадаб, қўрс, уятсиз дея баҳолайдиган бўлиб қолдик.
Хўш, ҳақиқатан ҳам мулойимлик билан хоҳлаганини гапириш одоб ва ҳақни мудофаа қилганда дарғазаб бўлиш, қизишиш беодобликми?
Бунга биз бемалол йўқ дея оламиз. Чунки, Саид Комил ака айтгандек шайтон ҳам васвасани қўполлик билан бажармаган. Балки, сизларга насиҳат қиляпман, деб бунга қасамлар ҳам ичган. Ўзимизнинг орамизда ҳам бирор миссионерни қўпол гапирганини билмаймиз, аксинча улар энг гўзал ва энг мулойим муомала қиладилар.
Бир ансорий саҳобий бир яҳудий: «Мусо алайҳиссаломни одамлар устидан афзал қилган зотга қасам бўлсин» дегани учун унинг юзига урганлар. Яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шикоят қилиб келганда, Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазаб қилдилар, ҳатто ғазаб юзларида ҳам кўринди ва одамларга танбеҳ бердилар.
Бир саҳобийнинг бошига тош тегиб, ёрилади. Кейин шу киши эҳтилом бўлиб қолади. Ҳамроҳларидан таяммум қилсам бўладими деса, йўқ дейишади. У киши ғусл қилади ва шу сабаб ўлиб қолади. Бунинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда: «Уни қатл қилишибди, Аллоҳ уларни қатл этсин. Билмасалар, сўрашса бўлмасмиди?!», деб хато қилганларни қаттиқ дуоибад қиладилар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?”- деб сўрадилар.
Усома: «У қўрққанидан, хавфсираб айтди», деди.
Шунда У зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деб қаттиқ танбеҳ бердилар. Бу гапни қайтавердилар, қайтаравердилар. Ҳатто қанийди шу кунгача мусулмон бўлмасайдим, деб қолдим дейдилар Усома розияллоҳу анҳу.
1.8K views16:43