Get Mystery Box with random crypto!

​​Овқатланиш одоблари Инсон тановул қиладиган таомлар ўз асли | Илми таом

​​Овқатланиш одоблари

Инсон тановул қиладиган таомлар ўз аслига қараб иккига: наботот ва ҳайвонот таомларига бўлинади.

Нaбoтoтдан бўлган таомлар нажас, зарарли ва маст қилувчи бўлмаса, барчаси ҳалолдир. Нaбoтoтлардан турли мева ва дон маҳсулотларига ўхшаш зарар етказмайдиган нарсалар ҳалол қилинган.
Нажас таом ёки нажас аралашган таом ҳаром бўлади. «Нажас» деганда ифлос нарса тушунилади. Мисол учун, чўчқа гўшти ва ёғи, ўлимтик каби нарсалар нaжaсдир. Сичқон тушиб қолган суюқ ёғ ҳам нажас аралашгани учун, ҳаромга айланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳолатда ёғни тўкиб ташлашга амр қилганлар.
Шунингдек, заҳар, мишиқ, маний, тупроқ, тош каби еса, инсонга зарар етказадиган нарсалар ҳам шариатимизда ҳаром қилинган.

Ҳайвонлар уч қисмга тақсимланади: сув ҳайвонлари, қуруқлик ҳайвонлари ва сув ҳамда қуруқликда яшовчи ҳайвонлар. Сув ҳайвонларининг барчаси жумҳур уламо наздида ҳалолдир. Ҳанафийлар эса сув ҳайвонларидан фақат балиқ ҳалол, дейишган.
Қуруқлик ҳайвонларига келганда улардан ўзи ўлиб қолгани, оққан қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳнинг номи айтиб сўйилмаганини еб бўлмайди, буларнинг барчаси ҳаромдир.
Бўғилиб ўлган, сузилиб ўлган, уриб ўлдирилган, юқоридан йиқилиб ўлган, йиртқич ҳайвон ёриб кетган ҳайвонларни жони бор вақтида сўйиб олса, ҳалол бўлади, агар сўйишга улгурилмаса, ҳаромдир.
Қуш ва ҳайвонлардан бўри, шер, йўлбарс, бургут, лочин, қирғий каби йиртқичлар ҳаромдир. Уй ҳайвонларидан ит, эшак ва хачирлар ҳам ҳаром саналади.
Ер юзида юрадиган чаён, илон, сичқон, чумоли, суварак, ўргимчак, ари каби ҳашаротларни ейиш ҳаромдир.
Ҳалол ва ҳаром ҳайвоннинг қўшилишидан туғилган ҳайвонлар ҳам ҳаром ҳисобланади. Мисол учун, от ва эшакнинг қўшилишидан туғилган хачир ҳаромдир. Шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафийлардан икки имомнинг наздида от ҳалолдир.
Ҳанафийлар наздида зобб, чиябўри, тулки каби ҳайвонлар ҳам ҳаромдир.
Жумҳур уламо чорва ҳайвонларидан туя, сигир, қўй, эчкилар ҳалоллигини айтишган. Шунингдек, қўтос, жирафа, зебралар ҳам ҳалолдир. 
Йиртқич бўлмаган кабутар, мусича, чумчуқ, бедана, ўрдак, ғоз, товуқ, туяқуш, булбул каби қушлар ҳалол саналади, шунингдек, йиртқич бўлмаган кийик, тоғ эчкиси, буғу, қуён каби ёввойи ҳайвонлар ҳам ҳалол.
Меваларга, донларга, таомга ва сиркага тушган қуртлар ҳам ҳалолдир. Қурт тушган егуликларни емасдан ташлаб юборилмайди.
Ҳам қуруқликда, ҳам сувда яшайдиган тимсоҳ ва бақага ўхшаш ҳайвонлар ҳаром. Бир сўз билан Қуръон ва Суннатда ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонларнинг барчаси ҳаром, ҳалоллиги баён қилинганларининг барчаси ҳалол ҳисобланади.
Қуръон ва Суннатда ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган ҳайвонлар ҳақида ўтмишдаги уламолар: «Ақли расо кишилар пок деб юрганлари ҳалол, нопок деб юрганлари ҳаром», дейишган.
Аммо замондош уламолар: «Қуръон ва Суннатда ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган ҳайвонлар ҳалол-ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонларга солиштириб кўрилади, агар ҳалол ҳайвонларда бор сифатлари бўлса, ҳалол, ҳаром ҳайвонларда бўладиган сифатлари бўлса, ҳаром», дейишган.
Энг муҳими, мусулмонлар ўзларининг ҳар бир луқма таомлари, ҳар бир томчи шароблари ҳалол меҳнат ила топилиши фарз эканини тушуниб етишлари зарур. Яъни озиқ-овқатнинг жисми ҳалол бўлиши билан бирга, улар ишлаб топилган касб ҳам ҳалол бўлиши шарт. Қароқчилик, ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик, алдамчилик каби шариат ҳаром қилган йўллар билан топилган пулга сотиб олинган озиқ-овқатларнинг барчаси айни ҳаромдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф "Ижтимоий одоблар"

@ilmi_taom