Get Mystery Box with random crypto!

Шошилмасдан, диққат билан ўқинг Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломн | ISLOM TARIXI

Шошилмасдан, диққат билан ўқинг

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни бешикдалик вақтида намозга буюрди. Бешикда ётган боланинг:
وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ
“Раббим менга намозни буюрди” (Марям сураси, 31-оят) деганини бир кўз олдингизга келтириб кўринг.
Демак, намоз...

Шуайб алайҳиссалом ўз қавмини ширк ва ўзгаларнинг ҳаққини уриб қолишдан қайтарганларида, улар:
يَا شُعَيْبُ أَصَلَاتُكَ تَأْمُرُكَ
“Эй Шуайб! Сенга буни намозинг буюряптими?” (Ҳуд сураси, 87-оят) деганларига қаранг!!!
Демак, намоз...

Иброҳим алайҳиссалом ўз оиласини саҳрога ташлаб кетаётганида:
رَّبَّنَا إِنِّي أَسْكَنتُ مِن ذُرِّيَّتِي بِوَادٍ غَيْرِ ذِي زَرْعٍ عِندَ بَيْتِكَ الْمُحَرَّمِ رَبَّنَا لِيُقِيمُوا الصَّلَاةَ
“Эй Раббим! Мен зурриётимдан (бир қисмини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббим! Улар намозни баркамол адо этсинлар деб (шундай қилдим)” (Иброҳим сураси, 37-оят) деганини бир эсланг!!!
Демак, намоз...

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан ваъдалашилган жойга (Тур тоғига) борганларида у кишига бўлган нидо:
إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي
“Дарҳақиқат, Мен – Аллоҳдирман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил ва Мени эслаш учун намозни адо эт!” (Тоҳо сураси, 14-оят) эди.
Демак, намоз...

Ушбу ваҳий ҳам намознинг нақадар муҳим эканлигига далилдир:
وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ مُوسَىٰ وَأَخِيهِ أَن تَبَوَّآ لِقَوْمِكُمَا بِمِصْرَ بُيُوتًا وَاجْعَلُوا بُيُوتَكُمْ قِبْلَةً وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ
“Мусо ва унинг биродарига ваҳий орқали: “Қавмингиз учун Мисрда уйлар ҳозирланг ва уйларингизни қибла (намозгоҳ) этиб, намозни баркамол ўқингиз!” – деб айтдик” (Юнус сураси, 87-оят).
Демак, намоз...

Сулаймон алайҳиссалом аср намозидан чалғитиб қўйгани учун отларини сўйдириб юборганлар:
فَقَالَ إِنِّي أَحْبَبْتُ حُبَّ الْخَيْرِ عَن ذِكْرِ رَبِّي حَتَّىٰ تَوَارَتْ بِالْحِجَابِ
“Бас, у деди: “Дарҳақиқат, мен Парвардигорим зикридан (яъни намозимдан қолиб) бу яхши (от)ларга кўнгил қўйишга берилиб кетибман. Ҳатто, (қуёш) парда билан беркинибди (ботибди)” (Сод сураси, 32-оят).
Демак, намоз...

Закариё алайҳиссалом кексайиб қолган ҳолларида ўғил фарзандли бўлишлари ҳақидаги суюнчли хабар у кишига қаерда келган эди?!
فَنَادَتْهُ الْمَلَائِكَةُ وَهُوَ قَائِمٌ يُصَلِّي فِي الْمِحْرَابِ أَنَّ اللَّهَ يُبَشِّرُكَ بِيَحْيَ
“Сўнгра, масжидда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилиб, дедилар: “Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини бермоқда” (Оли Имрон сураси, 39-оят).
Демак, намоз...

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнги нафасларида умматларига қилган васиятлари:
الصلاة الصلاة
“Намозга, намозга эҳтиёт бўлинглар”, эди.
Демак, намоз, намоз, намоз...

Қанийди, бизлар ҳам ўз аҳли оиламизга ҳеч бўлмаса уларнинг таълим-тарбияси, соғлигига эътибор қаратганчалик даражада намоз ўқишларига эътибор қаратсак. Модомики, биз уларни яхши кўрар эканмиз, уларга шамолни ҳам раво кўрмас эканмиз, бунга беэътибор бўлишимиз ярамайди.