Get Mystery Box with random crypto!

​​​​АҲВОЛ Imо дан ҳол сўрар, wаtsap дан аҳвол, Yotube дан со | 3-𝑴𝑨𝑲𝑻𝑨𝑩 𝑰𝑱𝑶𝑫𝑲𝑶𝑹 𝑶'𝑸𝑼𝑽𝑪𝑯𝑰𝑳𝑨𝑹𝑰

​​​​АҲВОЛ

Imо дан ҳол сўрар, wаtsap дан аҳвол,
Yotube дан сочар меҳрини мўл-кўл.
Наҳот, бу кўнгилнинг топгани завол,
Оқибат ўзгариб кетгани буткул?!

Қалбимни ром этмас, ўргимчак ижод,
Савдоий сукунат ўрайди теграм.
Ҳиссиётлар бирла ҳисоблашар чат.
Туйғулар туғёни тўла tеlegrаm.

Беҳисоб тўрлардан бино бўлди кўшк,
Йўқлик йўлаклари юракка инди.
Эл аро эркланди, электрон ишқ,
Twit лашиб турар ошиқлар энди.

Ким-кимга ўлжаю, ким-кимга емиш,
Бугун олам ипи алдоқчиларда.
Оғзига келганин аямай демиш,
Орият қолмади tik-tok чиларда.

Илҳом чашмасига излабон мадад,
Файзсиз боғлар аро оралар шоир.
Кўнглида неки бор, тўкиб беадад,
Fаcеbооk дафтарин қоралар шоир.

Бугун осмон қолиб, instagram да,
«Чарақлаб нур сочур» юлдузлар, ҳайҳот!
Дунё не ташвишда, ким нима ғамда,
Оламнинг сурати шу бўлса, наҳот?!

Мен қўркиб кетяпман, ростдир, ҳойнаҳой,
Энди ҳиссиз яшаб, туйғусиз сўлсак.
Наҳот, дунёмизга айланса бу жой,
Шу ерда туғилиб, шу ерда ўлсак...

Ўлмасбек Самарқандий