Get Mystery Box with random crypto!

ВАТАН ТАНЛАНМАЙДИ. «Ватан танланмайди. Қаерда туғилиш, Ватан | Ibratli Hikoyalar | Ibratli So'zlar

ВАТАН ТАНЛАНМАЙДИ.

«Ватан танланмайди. Қаерда туғилиш, Ватан қилиш — Аллоҳнинг сизга инъоми.


Мустақиллик бўлиб, йўллар очилган пайти Абдусамад ота қариб қолган, бир ўзи узоқ сафарга чиқа олмай қолганди. Танаси бошқа дард билмас, деганларидек катта-катта тижорат эгалари бўлган ўғиллари турли баҳоналар билан уни ўз юртига олиб боришмас эди. Анча «инжиқлашиб» қолган отадан ўғиллари сўрашибди:

― Ота, сизга нима етишмаяпти?

― Ўз уйимни соғиндим.

― Данғиллама ҳовлида турсангиз, атрофингизда хизматкорлар гирдикапалак бўлса. Алмисоқдан қолган ўша кулбани нима қиласиз?

― Менинг уйимда сўрилар бор эди. Сўри ёнидаги дарахт соясида дам олардим.

― Ота, ҳаммасини шу ерда қилиб берамиз.

Ўғиллар сўри ясатишибди. Сўри атрофига дарахтлар ўтқазишибди. Отага на мева, на соя берадиган бу дарахтлари ҳам ёқмабди. Ўғиллар Туркиядан мевали дарахтлар олиб келтириб ўтқазишибди. Ота:

― Сўри остидан анҳор оқарди. Сувлари шилдираб турарди. Тарвузни дуррага боғлаб анҳорга ташлаб қўярдим, кечқурун сўйиб ердик…

Ўғиллар сўнгги технологияни ишга солиб суви доимо айланиб турадиган сунъий анҳор барпо этишибди. Оталари тасвирлагандек анҳорга тошларни солиб, шилдирайдиган қилишибди. Албатта маълум ҳажмдаги сув айланиб тургани билан анҳор бўлолмайди. Ота:

― Бизнинг анҳорнинг шабадаси бўларди, сув бўйида ўсган ялпизнинг ҳиди хонадонимизни тутарди. Шомдан кейин дарахтларни аста шитирлатган шабадани соғиндим.

Ўғиллар махсус кондиционер ва вентиляцион тизим барпо қилиб, шабадани йўлга қўйишибди. Ялпиз ҳидли ҳаво пуркагичлардан фойдаланишибди. Ота соғинганларини тополмай борига сабр қилар, лекин қалби таскин топмаётгани юзидан аён эди. Ўғиллари:

― Ота, ҳаммасини ўша уйингиздек қилиб бердик. Яна нега маъюссиз?

― Асрдан кейин ҳовлига анҳордан сув олиб сепардик. Сув сепилган тупроғимнинг ҳиди… Ўша ҳидни соғиндим…

Ўғиллар учун бошқа илож қолмабди. Отани олиб, ўз юрти томон йўл олишибди. У жойлар ўзгариб кетган, лекин ўша анҳорли хонадон, бир хоналик эски кулба сақланган экан. Ота кўз ёш тўкиб, соғинган жойларини кўзга суртибди. Тадбиркор ўғиллар уч кундаёқ зерикиб, «кетайлик»ка тушишибди. Ота эса ҳеч кетгиси келмас, ҳар куни зиёратига келган одамларнинг суҳбатларидан ҳузур оларди. Ўғиллар ўз юртларига қайтишибди. Ота эса Марғилонда қолибди. Бир ойдан сўнг катта ўғли келиб, олиб кетишга ҳаракат қилибди. Ота кўнмабди. Уч ойдан сўнг ота ўша анҳор устидаги сўрида жон таслим этибди…»

Ватанни севиш — инсоннинг фитратидаги туйғу. Уни ҳеч ким тортиб ололмайди.

Давронбек Тожиалиев

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/+ksQFxKpuWoU2MTk6