2022-05-02 18:00:36
#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
43-қисм.
Кампир обдон қарғаб олгач, қаршисидаги йигитга раҳмни келтирар даражада мўлтираб боқди:
-Шуни ўша зорманда эри билан яраштириб бер! Қўлингдан келади-ку! Тўғрими?
“Мен унақа ишлар билан шуғулланмайман” деб Иёз ўзича унга бир нарсаларни тушунтирмоқчи бўлди. Қани, бу кампир бирон оғиз гапни тушунса?
Очиқ савдони “даҳ сомоний нақ!” деб бошлаган кампир охири Иёзга агар шу ишни битирса, уч ойли нафақасини шундоғича тутқазиб юбориши мумкинлигини ваъда қилди.
—Сазамни ўлдирма, чироғим! Дуо керакмасми, сенга? Дуо қиламан деяпман-а? Дуо!
Шу оғзим билан ўлган ота-онамни ҳамиша дуо қилганман. Сениям улардан кам қилмайман Алло насиб... Отам "панчшанба, эртага жума!" деган кунида ўлди. Бир кам юзда давра қилишди— ёшини ҳисоблаб кўрганлар. Онам ҳам шу! Ҳозир иккиси Жаннатда ўтиришибди. Тушимда ҳар доим супада ўтирган ҳолида кўраман, ишонасанми?
Кел, энди йўқ дема! Шугина янгасидан дашном эшитавериб бир ерга етди. Савоб ҳам керак-ку, одамга! Ўзим сени “реклама” қиламан.
Ҳамма ишимни ташлайман, эртадан кечгача истасанг уйма-уй юриб сени мақтайман, илтимос болам! Шуни эрига яраштириб бер.
Тиланиб остонамга келса, олдига солиб бериб юбораман деб ўтирибман. Шу ишимни битир...
Иёз кампирдан осонликча қутулолмаслигини тушунди.
“Хўп киринг!” деди у боядан бери ўзи ҳимоя қилаётган дарвозадан сал четга ўтгандек бўлиб. Шуни кутиб турган кампир набираси билан зинғиллаганча ичкарига кириб кетди. Сўнг худди ўз уйига кириб чироқ ёқаётгандек айвоннинг чироғини “чирқ” этиб ёқиб, хонтахта четига иккиси ҳам чиройли бўлиб ўтириб олишди. Маймун ҳам кампирнинг биқинида! Бир пайдо бўлади, бир йўқолиб қолади. Бу қитмир маймун—бор маймунми, йўқ маймунми негадир ҳеч аниқлаб бўлмаяпти!
—Хўп, демак набирангизни яраштирмоқчисиз, шунақами?
Кампир қўлтиғига қистириб олган тугунини секингина ўртага қўйиб, қоқсуяк қўллари билан очди. Айни шу лаҳза Устоди кабирнинг ўзи ҳам шувиллаганча пайдо бўлди. Бояги маймунни у "пишт, жирт ямоқ" дея ўзининг тилида сўкиб-силталаб айвондан ҳайдаб юборди. У ҳам гап тушунмайдиган сур маймун экан, устунни қучоқлаб тепага қараб чиқиб кетди.
—Аввал қайнонасини ўзинг бир ёқли қилиб берасан! Бўлмаса, кун бермайди бунга. Яна уч кунда дийдасини оқизиб келаверишидан ҳаммамиз зерикканмиз. У жувонмарг ғирт ялмоғизнинг ўзи, айтганим билан гап тугамайди. Таърифига тил ожиз! Ҳуллас, бор умидим сендан! Мана бу қўйнинг анави жойи! "Ўқиб берасанмикан" деб олиб келдим. Бус-бутун!
Устоди кабир ҳо-ҳолаб қулоқни батангга келтирди. Иёз тушуниб турибди, ҳали яна одамлар ҳақида маъруза эшитади!
Кампир қон юқи чит дуррасининг ғижимини буришиқ қўллари билан ёзиб текислади.
—Буниям топиш осонмас экан. Бир марта энам берган сут таъмини шу тоғай зормандани топаман деб оғзимда сезиб-тўлғонгандек бўлувдим. Яна сарсоним чиқди. Икки ҳафта анави жувонмарг Аҳмар қассобни миялабман-а? Ялинтирмай ўл! Икки ҳафта ичимда сўкиб, ич-ичимдан қарғадим. Қассоб зоти одам-подаммас экан...
Бахона қалаштиравериб, жонимни бўғзимга келтирмаганда— дуойи жонини қилиб ўтирмасмидим? Ҳуллас, "ишим битиб қолсин" деб ўша кўзи потманчиқнинг кўзига ўхшамай ўлгур Аҳмарни ҳам “болам-бўтам”лайвериб бир ерга етдим. Мана, пулимни— пўстимни шилгандек шилиб, ниҳояти берди, энди ўзинг бир кўрасан, маъқулми, маъқулмасми?
Иёз кампирнинг жавдираган кўзларига тикилиб жойида сингиганча ўтириб қолди. Нима дейишга ҳам хайрон. Ичи тўла савол. Бекордан бу нарсани кўтариб келмагандир? Демакки, қачондир унга биров шунга ўхшаш нарсага ўқиб берган. Шу ўтиришида устоди кабирнинг сўзларини эслади: баъзилар шу даражадаки, шайтон ҳам ип эшолмайди! Йигитнинг фикрини ўқидими, боядан бери барини жим тинглаб ўтирган устод Иёзга маънолигина қараб қўйди.
—Зеби, сан шу ерда қимирламай ўтира тур! Шом вақти бўлиб қолди. Ман анави ерга чиқиб секингина юмалаб-думалаб намозимни ўқиб олай. Жойнамозинг борми, болам? Ҳа айтганча, сан намоз ҳам ўқимасанг кераг-а? Ҳа бу Афшар кўринмайди, қаерда у ўгай онанг?
(Давоми бор)
536 views15:00