Get Mystery Box with random crypto!

​#тавбаи_насуҳ ТАВБАИ НАСУҲ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 44-қис | A

​#тавбаи_насуҳ

ТАВБАИ НАСУҲ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
44-қисм.

Тиззасидаги тузларини шиқирлатганча ўрнидан турган кампирнинг ёқимсиз бу саволига Иёз ҳеч нарса деб жавоб бермади.
Кампир ҳам ўзи берган саволнинг жавобига у қадар муштоқ эмасмиди, фурсат ўтказмасдан гандираклаганча бориб меҳробда турган Афшарнинг рўжасини таҳмондан суғуриб олди ва уни ўтирганлардан сал нарироққа ерга узун қилиб тўшади. У рўжага қўл узатаётган пайтда Иёз кўрди-ки, ранги униқиб кетган нафармон гулли чит кўйлакнинг қўлтиғи бир қаричча йиртилган экан. Дарров устунга чирмашиб турган маймун ҳам кампирнинг қаршисида ҳозиру нозир бўлди.
Йигит кўраётган манзарасидан ҳали ҳануз таажжубда эди.
“Нега бу маймун кампирдан сираям ажралмайди? Ғалати!”
У шу хаёлда қаршисида ўтирган биққа семиз келинчакка қаради. Қайнонаси кун бермагани етмагандек, эри ҳам устига уйланиб олиб иш кўрсатган бу келинчак худди морбознинг куйига маст бўлган илондек, Иёзнинг чеҳрасига бақрайганча қотиб қолганди. Йигит яна ўзини онасининг шаддод дугоналари қаршисида нима қиларини билмай турган болакайдек ҳис қилди. Ўзига суқ каби қадалган бу нигоҳлар унга эслашни кўпам истамайдиган ёқимсиз болалик хотираларини эслатиб юборганди.
Устоди кабир ҳам ўзи билан ўзи оввора, қўл чалмаштирганча кампирнинг ўзи “намоз” дея атаган ғалати юмалаб туришлару, чўқиниб йиқилишларни мириқиб кулганча томошо қилиш билан банд эди.
Момойнинг йиртиқ қўлтиғидан бош суққан маймун унинг иштони липпасидан яна дарров "ажи-ажи"лаб қайтиб чиқди, сўнг кампир саждага бош қўйган маҳал—шартта унинг қаршисига бориб, гердайганча қотиб турди. Бу маҳлуқ ҳар қанча жиннилик қилмасин, Устоди кабир энди негадир уни ўз холига қўйгандек эди. Ҳайдамади, пишт-пиштламади, “тур йўқол, жирт ямоқ!” дея бир қарашда тушунарсиз бўлган ғалати сўзлар билан бу жундор масҳарабозни уришиб-силталамади ҳам. Маймун бир нафас жим турмайдиган қитмирларнинг қитмири эди!
Саждага борган чоғи—икки оёғини худди қарсак чалаётгандек бир-бирига уриштириб қўяётган, ҳали у ерини қашлаб, ҳали бу ерига тегиниб, доирачининг қўлидаги чилдирмадек лиқиллаётган бошини ўзи ўқиётган дуо оҳангига мос тебратаётган кампир билан у роса ҳар кўйга тушиб ўйнашди. Етмиш мартадан зиёд у ёғидан кириб-бу ёғидан чиқди.
Иёз ғалати бу ибодатнинг якун топишини интиқиб кутаётганди. Ўртада ҳалиям қўл урилмаган ошдек бўлиб- қон юқи чит дуррада қўйнинг тоғайи турибди.
—Ўқийвер! Ҳм ўқимаяпсан? —дея луқма ташлади кампир ҳали “аттаҳиёт”ни ўқиб тугатмасдан бурун ўқрайганча, Иёзга тикилиб. Унинг назарида йигит вақтни бехуда ҳавога совураётгандек эди.
"Оббо, текинга офтобга чиқмайдиган қанақанги безга учрадим-а?"
Иёз бу сўзларни ҳали намозини тугатмаган кампирнинг нигоҳларидан ўқиди.
"Тавба, намозни шунақа бошқа тарафга қайрилиб ўқиса ҳам бўларканми?"
Буниси энди йигитнинг ўйидан ўтаётган гаплар эди.
Кампир норози кайфиятда- йигитча ва худди томошақавоққа тикилгандек ўтирган набирасидан кўз узмай охирги дуоларини ўқиди ва апил-тапил юзига фотиҳа тортди.
—Биринчидан мен бунақа нарсаларга ўқимайман! —деди Иёз кампирнинг намози битганига ўзича ишонч хосил қилгандек бўлиб, — Кейин буни олиб келишдан олдин сал олдимдан ўтишингиз керак эди!
— Нега ўқимайсан? Илминг етмайдими? Ахир Камолзодаларнинг тиллосини биттада топиб берибсан-ку! Ё фақат ром кўрасан ҳолосми?
Гапираман деса, гап кўп. Йигит нимадан бошлашни билмади. Яна тугундек тугилиб турган савол ҳам бор: гапирган билан бу кампир гапга тушунармикан?
Худди ғойибдан чакагига куч-қувват ато этилгандек, кампир тинимсиз вижирлашга тушди:
—Нурзода деган аёл бор эшитганмисан? Қадамим ҳеч унга етинқирамай қолди-да! Нима десам, ҳечам "йўқ" демасди. Аттанг! Сени “чиқибди!” дейишганда, “яқингинада экан” деб роса ҳурсанд бўлган эканман-а!
Бе, ҳафсаламни пир қилдинг! Чолим миямга мушти билан гурсиллатиб урганда—аламдан куйиб-ёниб ўша Нурзода ойимнинг ёнига борганман.
"Иситиб бер, қизим! Бу чол ёшлигимда роса куйдирган, энди ишқилиб қариганимда куйдирмасин!

(Давоми бор)

https://t.me/Ibratli_SozlarUz