Get Mystery Box with random crypto!

​​​Шоҳидани фаришта аёл эканини англаган сайин қийноқлар уни ш | 📚 Ibratli Hikoyalar 📚

​​​Шоҳидани фаришта аёл эканини англаган сайин қийноқлар уни ширин жонига қасд қиларди. Ёруғ дунё кўзига тор кўринди, дегунча, Шоҳидани олдига чопади. 
“ Бугун ҳам бир жанжал бўлган эҳтимол”, -хаёлидан ўтказаркан Шоҳида. Ойнадан кўчага қараганди, ташқарига эри шумшайиб унга нажотсизларча тикилиб турарди. Унга жуда раҳми келди. Шошиб елкасига халатини ташлаб, ташқарига чиқди. 
- Яна жанжаллашдиларингми? -сўради Шоҳида. 
- Эй, -Муталиб қўл силтадию, сигарета тутатишга киришди. 
Ҳаётнинг найрангларига тушуниб бўлмайди. Бир жуфтлик эр-хотинликдан бегона бўлиб, сирдош дўстга айланиб қолдилар. 
-Шоҳи, бу кунингдан баттар бўл, дерсан. Сени шунча хўрлаб, яна дардимни сенга тўкаман. 
-Отимни ўлишини билганимда бир коп кепакка алиштирардим, -деган экан бир одам, - дея кулди Шоҳида. 
- Бемаҳал ит қутирар, пул топса эр қутирар, демайсанми? 
Улар бир муддат бир- бирларига тикилиб турдилар-да, ҳоҳолаб кулар эканлар, кўп қаватли уйлар оралиғидаги ўриндиқлардан жой олдилар. 
-Сени севганман-а. 
-Сизни бир кун кўрмасам ўша куни ақлдан озай, дердим. 
-Муҳаббатимиз шунчалик ўткинчимиди-а. 
-Йўқ. Ўзимиз ўткинчи. Муҳаббатимиз уйига ўтин ташиб, оловда куйдириб юбордик.- Шоҳида миннат қилиб, эрини дилини оғритиши ҳам мумкин эди. Аммо истамади. У Муталибни юрагини нимталаётган оғир туғённи кетказиш учун яна ҳазил қилди. 
“Ўзбек аёли бўлиш осонми? Атала ичсанг- ош, деб мақтанасан. Онанг йиғиб-териб олиб берган биттагина кўйлагингни эрим олиб берди, деб кериласан. Эрдан калтак еб, бузоқ сузди, дейсан. Касал бўлсанг, касалингни тан олмаган эринг этагини ёпиб, докторларни кўрсам жиним қўзийди, дейсан. Оиланинг шаънини сақлаш учун мингта ёлғон айтиб, ўзинг шу ёлғонларни қулига айланасан. 
Шоҳида уч боласини чирқиратиб ташлаб кетиб, кўнгли ёш хотинни тусаган эрининг ҳозирги ҳолига ачинарди. Уни таъна - дашномаларсиз жимгина тинглади: 
-Шоҳи, мен сени қарғишингга қолдим. Пулсизлигимда ёнимда эдинг, пул топдим бегона бўлдинг. Яна чой-чақасиз қолиб, ёнингга келиб турибман. Эҳ, пушаймонликларимни ошнам билан оширади, душманларим билса тоширади. Жим юрсам ёрилиб ўламан. 
Шоҳида жим эди. Унинг ёдидан онасининг сўзлари бирма-бир ўта бошлади. “Дўстни дўстдан пул айиради. Яхшилик ҳатто душманларнинг ёмонликдан тўхтатади. Оллоҳнинг марҳамати кенг. Яхшиликни пайида бўл”.
У ўзини хўрлаган, орзуларини топтаган эрининг кўзларига жасорат билан кулиб қаради. Уйдан чиқаётиб, халатини чўнтагига солиб олган бир даста пулни эрига узатди. 
-Сизга асқотар... 
Муталиб шу лаҳзада бепичоқ сўйилгандек бўлди. Эр бўлиб бир аёлча мард бўлолмаган ўзини койир экан, пулни олмай кўзларига қалқиб чиққан ёшни яшириш учун Шоҳидадан узоқлашди.

@ibratli_sozlar