Get Mystery Box with random crypto!

ЗИРОАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ЗАКОТИ Оқар сувда ёки ёмғирда су | 📚 Ibratli Hikoyalar 📚

ЗИРОАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ЗАКОТИ
Оқар сувда ёки ёмғирда суғорилган экинлардан ушр берилади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида ердан чиққан ҳар бир нарсадан закот олинади. У киши қуйидагиларни ҳужжат қилиб келтирадилар:
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

أَنفِقُوا۟ مِن طَيِّبَٰتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّآ أَخْرَجْنَا لَكُم مِّنَ ٱلْأَرْضِ

“Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан инфоқ қилинглар”, деган (Бақара сураси, 267-оят).
У Зот бир зироат маҳсулотини айтиб, бошқасини ажратмаган.
Яна Аллоҳ таоло:

وَءَاتُوا۟ حَقَّهُۥ يَوْمَ حَصَادِهِۦ

“Йиғим-терим куни ҳақини беринглар”, деган (Анъом сураси, 141-оят).
Ўша оятнинг аввалида боғу роғларни, хурмони, зироатни, зайтунни ва анорни зикр қила туриб, кейин инфоқ қилишга амр этган.
Солим ибн Абдуллоҳ отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Осмон, булоқлар ёки ёмғир билан суғорилганлардан ушр, сув қўйиб суғорилганлардан ушрнинг ярми”, дедилар”.
Бухорий ва “Сунан” эгалари ривоят қилган.
У зот “озуқа бўладиган, бўлмайдиган, қурийдиган, қуримайдиган”, демаганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари далил томонида ҳам, ақл томонида ҳам, мантиқ томонида ҳам, воқелик томонида ҳам қадимдаю ҳозирда ҳам кўпчилик уламолар томонидан қўллаб-қувватланган, барча зироат маҳсулотларидан закот бериш зарурлиги таъкидланган.
Ўтинга ўхшаш нарсадан ушр йўқ, яъни ерга ишлов берилмаган, ўзи ўсган маҳсулотлардан ушр йўқ. Бунга қамиш, ўт-ўлан ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Агар экинлар катта челак ёки чархпалак билан суғорилса, ушрнинг ярми берилади. Бунда зироат учун қилинган ҳаражат чиқариб ташланмайди.
Бу ҳукмларнинг далили ҳадиси шарифда келган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан – ушр (ўндан бир), сув тортувчи ҳайвон билан суғорилгандан – ушрнинг ярми”, дедилар”.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: “Осмон, анҳор, булоқлар (суғорган) ёки томиридан сув ичганлардан – ушр. Сув тортувчи ҳайвонлар ва сув асбоблар билан суғорилганларидан – ушрнинг ярми”, дейилган.

“Мўминнинг меърожи” китобидан.

@ibratli_sozlar