Get Mystery Box with random crypto!

“ЖОН-ЖОН” АМАКИ.  Ҳикоя Сардорнинг онаси оламдан ўтди. Қир э | 📚 Ibratli Hikoyalar 📚

“ЖОН-ЖОН” АМАКИ.  Ҳикоя


Сардорнинг онаси оламдан ўтди. Қир этагида жойлашган ҳовли атрофида тумонат одам. Мар­ҳу­ма­нинг яқинлари қўлларига таёқ ушлаб, чопон устидан белларини чорси билан боғлаган ҳолда овоз бериб-овоз бериб йиғлашяпти, дардларини айтиб-айтиб нола қилишяпти. Марҳуманинг ёлғиз қизи Севинч на тасаллига кўнади, на тақдирга тан беради.
– Бизни кимларга ташлаб кетдингиз, энажон?! Шунча йил отамсиз хўрланганимиз етмасмиди, энажон?!
– Бўлди, Севинч, сал ўзингни қўлга ол, қизим, – кекса кампир – марҳуманинг опаси Бибинор хола уни овутмоқчи бўлади. – Ота-онанинг ўлмоғи мерос. Энди тақдирга тан бергин, қизим. Сенинг ҳам уч боланг бор, шуларни ҳам ўйласанг-чи?
Севинч бир зум жим қолади-да, нафасини ростлаб олгач, энди бориб, укаси Сардорнинг елкасига осилади.
– Шу кунлар ҳам бормиди, Сардор? Шунча йил отамсиз яшаганимиз етмасмиди? Эндигина кун кўраётган эдиг-а? Яхши кунларимизда энажоним бизга бош бўлиб юрса бўлмасмиди? Невараларини ўйнатиб юрса бўлмасмиди-и?
Сардор – отаси вафотидан кейин оиланинг дастёри бўлиб, ҳамманинг оғирини енгил қилган, муаммоларини ҳал қилиб, уларга далда бўлиб келаётган йигит – бугун опасига, укаларига нима дейишни билмас, тилига бир жўяли сўз келмасди. У ҳозир ҳам елкасига бош қўйган, кўз ёшлари қалбини куйдираётган опага нима дейишни билмади. Худди «Мен борман-ку» дегандек унинг елкасига қўлини қўйди, аммо ўзи ҳам пиқиллаб йиғлади. Кутилмаганда:
– Дунё бесўров бўлганда эди, амакимни ўлдирардим! – деди.
Севинч бирдан бошини укасининг елкасидан кўтарди.
– Нималар деяпсан? Қайси амакимни айтаяпсан?
– Анув… «Жон-жон»ни-да!
– У нима қилди? – Севинч укасининг кўзларига тикилди. – Бирор гап бўлдими?
– Сардоржон, ойналай сендан…– шу чоқ уларнинг олдига келган Бибинор хола унинг елкасидан тутди. Отанг ўлгандан бери укаларингга бош бўлиб келдинг. Сен оғир бўл, Сардоржон. Энди келин икковинг уларга онаси йўқлигини ҳам билдирманглар.
Сардор бошига оқ рўмол ёпиниб ўтирган холасининг маъюс кўзларига қаради. Назарида холасининг кўзларида ўз онасининг меҳригиёси акс этиб тургандек эди. У холасини қучоқлаб олди.
– Чидолмаяпман-да, холажон! Юрагим куйиб кетяпти…
– Ҳаммасидан хабарим бор… – деди Бибинор хола паст овозда. – Бошқаларнинг ҳасрати бир бўлса, сеники минг бўлиб ётибди. Биламан, лекин оғир бўл, Сардоржон. Энанг у гапни сенга умуман айтмаслиги керак эди… Айтибдими, энди сен ҳам буни ичингда сақлагин. Опанг, укаларинг эшитса, ёмон бўлади… Мени тушуняпсанми?
Балки бошқа кун бўлганида Сардор ҳозироқ бориб, ўша «Жон-жон» амакисини тилиб ташлаган бўларди. Аммо бугун мавриди эмас. Балки шунинг учун ҳам онаси бу сирни ўлими олдидан айтгандир… Балки шунинг учун ҳам онаси худди Бибинор опасидек буни бошқалар билмаслигини сўрагандир, амакисига ҳеч нарса демасликни васият қилгандир…
Сардорнинг боши қизиб, мияси ғовлаб кетди. Ташқарига чиқди. Остона ҳатлаб, беихтиёр кўкка боқди,уҳ тортди, қуёш кўзини қамаштирди, пешонасини куйдирди. У нигоҳлари билан одамлар орасидан амакисини қидирди, аммо тополмади. Кейин саҳарда у уч кишини машинасига миндириб, қабрис­тонга кетгани ёдига келди.
– Ҳаммамизни жон-жонлаб, Севинчжон, Сардоржон, Ёдгоржон деб юргани билан аслида аллақачон жонимизни суғуриб олган экан-ку! – деди ўзига-ўзи. – Шунча ишни қилиб, энди қабр кавлашга кетганини қара... – Кейин ўйлади: «Балки бугун менинг кўзимга кўринмаслик учун ҳам шундай қилгандир. Балки одамлардан ўзини тортгандир. Шу йўл билан бир фалокатнинг олдини олгандир. Балки ўз айбларини ювиш учундир…»
Сардорнинг ўйлари остин-устин эди. У бугун беқарор, карахт, баъзан нима қилаётганини ҳам билмасди. Ювувчига, тобут олиб келганга, йиртиш бераётганларга, хайрия тарқатаётганларга нима керак бўлса, топиб бериб турди, аммо хаёли ўзида бўлмади. У отасининг қачон вафот этганини билмайди, эслолмайди. Гўдак эди. Аммо раҳматли онаси уни уйнинг каттаси, эркаги деб эъзозлаб, укаларига бош қилиб тарбиялаган. Институтда ўқитди, уйлантирди, ҳамма ишни унга ишонарди. «Суянган тоғим» дерди. Аммо бугун тоғ ерга қулаб, Сардорнинг ўзи бепоён чўлда қолгандек эди. «Суянган тоғ» у эмас, онаси эканлигига иқрор бўлаётган эди. Кеча