Get Mystery Box with random crypto!

Зинадан аста равонга чиқиб уйга кирди. Электрни буради. Уй сов | ஐღ⎠ 𝑀𝑜𝓎ç𝑒ç𝒶𝓀 ⎝ღஐ

Зинадан аста равонга чиқиб уйга кирди. Электрни буради. Уй совуқ бир сукут билан унинг кўксидан итаргандай эди. Буфетни очиб, яримла-ган коньякни пиёлага тўлдириб қуйдида, тикка турганича шимирди. Ҳозиргина бағрига босган ўғлининг нафаси, бўйнидан қучоқлаган юмшоқ жажжи қўллари унинг бир вақтдаги тинч, осуда, бахтли дамларини эслатган эди. Лекин Малик ўзининг бахтиёрлигини тезда унутди. У севгидан ажралиб, шунчаки ҳавас йўлига кираётганини пайқамай қолди. Уйига келса хотини унинг ҳеч қанақа гапларига тушунмайдигандек туюлар, гунг бўлиб олар, овқат устида ҳам, чой устида ҳам газета ўқиб индамай ўтирарди. Муяссар ҳам безиди. Кўпинча қайнонасининг ёнига бориб ўтирадиган бўлди. Малик буни сезар, баъзан унга раҳми ҳам келар, институтда бўлган бирон воқеани гапириб берай деб туриб, э, бу тушунармиди, деб тўхтаб қоларди. Бир куни у уйига кайфияти анча баланд келди. Ўғлига алланарса тикиб ўтирган Муяссарга қараб:
— Мени кафедрага мудир қилишди, деди. Муяссар хурсанд бўлгандай жилмайди. Лекин шу заҳотиёқ Малик:
— Ҳеч нарса тушунмадинг. Кафедрани билармидинг сен? деди. Муяссарнинг юзи бир нафасда бошқа тусга кирди. Нина тутган қўллари бўшашиб титради. Лекин эрига жавоб қайтармади. Ўзини хотиржам тутишга уринди. Шундан кейин у гапирса ҳам, юмуш қилса ҳам, овқат олиб келса ҳам Маликнинг юзига қарамади.
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Малик ишдан келса, стол устида хат ётибди. Ҳеч нарса ўйламай қўлига олди. Кўнгилга дарз тушса қийин бўлар экан. Ўзингизга муносиб одамни топарсиз. Хат Муяссарнинг қўли билан ёзилган, лекин кимга ва кимданлиги ҳам айтилмаган эди. Малик бирдан қизиқ аҳволга тушиб қолди. Ахир нима қилса ҳам ўн йил бирга яшади. Ўғли-чи? Ўғли нима бўлади?
— Ойи, деб қичқирди у равондан туриб, келинингиз ҳеч нарса демадими? Онаси бирон кўнгилсизликни фаҳмлагандай, ташвишли назар билан унинг ёнига келди.
— Нима қилди? Менга ҳеч нарса демади. Лекин нимагадир мени ўпиб қучоқлаб, кечиринг мени, деб чиқиб кетди. Ҳайрон бўлиб қолдим.
— Кетибди, Бутунлай.
— Нима?! кампир шошиб уйга кирди.
— Қанақасига кетади, ҳамма нарсаси турибдику!
Ҳақиқатдан уй боягидек саранжом-саришта, ҳамма нарса ўрни-ўрнида, ҳатто тувакдаги гулларга сув ҳам қуйилганди. Малик шифонерни очди.
— Кийимлари йўқ. Мақсудники ҳам.
— Ўзи бошқача бўлиб қолувди. Сен нодон хафа қилдинг шекилли. Мен сезардим. Гап айлантирсам, индамасди. Олим бўлдим, деб ҳаволаниб кетдинг, болам. У жуда меҳнаткаш жувон. Бунақа одам ўзини бировга хор қилдириб қўймайди. Олим бўлсанг ҳам шуни тушунмадинг. Мени ҳам ғафлат босибди. Ўзлари тил топиб қолишар, деб ўйлабман. Бор, ўрнини совутмай, дарров қайтариб кел. Лекин Малик бормади. Энди қизлар ичида бўйдоқ ва озод юриш унга қанот бағишлагандай, руҳини кўтариб юборгандай эди. Ўзи лекция ўқиркан, кўзи қизларни бир-бир кузатиб чиқар, ўзининг улардан ёши анча катталигини ўйлаб, дилида афсус чекарди. Орадан бир йилча вақт ўтди. Она бечора гапириб чарчади. Ўғли индамай туриб олгани учун ўзича бир иш қилолмади ҳам. Бу гаплардан хабар топган тоғаси ҳам жаҳл қилиб уларникига келмай қўйди. Муяссардан эса дарак бўлмади. Бир куни Малик уни учратиб қолди. Қиш, яхшигина қор ёққан эди. Трамвай бекатида Муяссар бўйи баланд, оддийгина кийинган бир одам билан турарди. Муяссарнинг бир қўлида сумка, бир қўлида янги супурги. Йигит чана қўлтиқлаб олган, иккинчи қўлида яна нимадир бор. Улар гаплашиб туришарди. Афтидан, иккалалари хурсанд эди. Муяссар трамвайда ўтирган Маликни кўрмади. Ўшанда Маликнинг юраги гурсиллаб уриб кетди. Хотинининг бегона эркак билан турганидан ғаши келгандай бўлди. Лекин бу ҳис бир нафасда ўтиб кетди. Яна боягидек совуққон бўлди-қолди. Малик кейинги хотини Ҳамидага уйланган кезларида ҳали ўзининг йўқоттан бахтини тасаввур қилолмас, бу хотини ҳаммасининг ўрнини тўлдирадигандек туюлган эди. Муяссарни севиб олганини унутгани каби Ҳамидага шунчаки ҳавас учун уйлангани ҳақида ҳам ўйламасди. Лекин бу ҳақиқатни англаш учун кўп вақт керак бўлмади. ​Ҳамиданинг ҳар бир қилиғи Муяссарни эслатар, Малик беихтиёр уни ўйлаб қолганини ўзи сезмай қоларди. Ҳамида анча-мунча юк билан келди.