Get Mystery Box with random crypto!

Муяссар атрофга қарамас, қора сумкасини кўтарганича енгил ва ш | ஐღ⎠ 𝑀𝑜𝓎ç𝑒ç𝒶𝓀 ⎝ღஐ

Муяссар атрофга қарамас, қора сумкасини кўтарганича енгил ва шарпасиз қадамлар билан бир зумда ўтиб кетарди. Унинг бошида кўпинча шафтоли гули рангида рўмоли бўлар, рўмол унга жуда ярашар, йигитнинг суқ назарини сезганиданми, юзлари ҳам худди шу рангга ўхшаб кетарди. У вақтларда Малик студент эди. Ўқишга кетаётганда кўпинча қизга тўқнаш келар, кейинча унинг ўтадиган пайтини пойлаб турар, у билан изма-из йўлга тушарди. Секин-секин улар саломлашадиган бўлишди. Кейинча қизнинг тўқимачилик комбинатида тўқувчи эканлигини Малик билиб олди. Уни бир кўрмаса, ороми бузиладиган бўлиб қолди. Қиз ниҳоятда камгап, уятчан эди. Маликни кўрганда, қизариб ерга қарар, доим кўзини олиб қочарди. Ана шу аҳволда икки йил ўтди. Малик институтнинг охирги курсига кўчди. Муяссар ўн тўққиз ёшдан йигирмага қадам қўйди. Маликнинг гапларига у уялибгина жавоб берар, нуқул аямлар биладилар деб, ўзи узил-кесил бир нима демасди. У пайтларда Малик онаси билан ўша кичкина уйчада яшар, ҳозирги уйлари ўрнида омонатгина қурилиб, бир амаллаб қора сувокдан чиқарилган иккита хона бўлиб, ҳали у одам яшайдиган даражада эмас эди. Унинг ғиштларини Маликнинг ўзи қуйган, тоғаси анча-мунча қарашиб, шунчалик ҳолга келтиришганди. Опасидан хотиржам бўлиш учун тоға Маликни уйлантириб қўйиш ҳаракатига тушиб қолди. Онаси Муяссарларникига совчи бўлиб борди. Муяссарнинг дадаси ўқитувчи экан. Қиз уларнинг бош болалари бўлиб, ундан кейин икки укаси ва икки синглиси бор эди. Уларнинг бири студент, қолганлари мактабда ўқирдилар. Улар совчиларни жуда яхши кутиб олишди. Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин Муяссарнинг дадаси ундан-бундан суриштирдими, розилик бериша қолди. Тоға зудлик билан уйларига эшик, ром ўрнаттириб оқлатди, электр ўтказтирди. Муяссарнинг ота-онаси куёв томонни ниҳоятда аяшар, мумкин қадар кам харж билан битказишга, уларни қийнамасликка ҳаракат қилишарди. Икки томон топган-тутганини ўртага ташлаб, бир кунда тўйни ўтказишди.
Муяссар билан бирга бу жимжит ҳовлига файз киргандай, ҳамма ёқ ярақлаб, ёришиб кеттандай бўлди. Тоға ҳам, кампир ҳам хурсанд. Маликнинг эса бахти еру кўкка сиғмагундай эди. Муяссар ҳам бахтиёр эди. У тиниб-тинчимас, ҳовлига гуллар экар, алланарсалар тикар, шу уй, шу ҳовлини кўркамроқ, чиройлироқ қилиш учун овора эди. Ишдан қайтшда бозорга кириб, уни-буни.олиб келар, рўзғорини мумкин қадар бут тутишга уринарди. Малик ўқишни тугатди. У яхши ўқирди. Муяссар уни аспирантурада қолишга кистади.
— Ишламасам, сизга жабр бўлиб кетади. Рўзғорлик одамга стипендия нима ҳам бўларди, деди Малик.
— Бир амаллармиз. Кўп бўлмаса, озроқ ермиз. Кейин ишдан узилиб яна ўқишга киришингиз қийин бўлади, деди. Кейин кулиб, қизариб қўшиб қўйди:
— Ҳозир кам жон пайтимизда ўқиб қолсангизчи. Малик аспирантурада қолди. Муяссар етишмовчиликдан, кийим-кечагидан ҳеч качон нолимади. Моянасидан жамғариб, эрининг диссертация ҳимоя қилишига ни-ят қилиб, озроқ пул ҳам йиғиб қўйган экан. Зиёфатни ҳам чиройликкина қилиб ўтказишди. Малик хотинидан миннатдор, хурсанд эди. Ишга тушиши билан хотинига яхши совғалар олиб келишни хаёл қиларди. Лекин Муяссар бошқа бир ҳаракат бошлади:
— Уй олдига яна битта уй қўшсак, бу ёғига кичикроқ равон қилсак. Секин-секин, йиғиб-териб. Ҳозир кучимиз бор, ёшмиз. Рўзғорни биттамиз эпласак, биттамизнинг топганимиз билан аста-секин кўтариб оламиз. Ана шундай қилиб иморатга иморат қўшилди. Дам олиш кунлари Муяссарнинг укалари ҳам ҳашарга келар, Муяссар тупроққа беланиб улар билан тенг ишлашарди. Уйлари битай деганда Мақсуд туғилди.
Малик ўзи ўқиган институтда дарс берарди. Сочини баланд қилиб турмаклаган, энг сўнгги модада кийинган қизлар ёнидан қарсиллаб ўтиб турар, унинг лекцияларига маҳлиё бўлиб, термилиб ўтиришарди. У баъзан улар билан хотинини таққослайдиган, меҳмон-измонга уни олиб юришдан тортинадиган бўлиб қолди. Муяссар чиройликкина кийиниб юрса ҳам модаларга парво қилмас, тирноқ бўямас, умуман, сартарошхонага кирган эмасди. Кўчадан гувиллаб машина ўтди. Кечанинг жимжитлигида унинг овози ҳамма ёқни ларзага солгандай туюлиб кетди. Малик совуқ еганини, ҳамма ёғи музлаб қол-ганини шундагина сезди.