Get Mystery Box with random crypto!

Рамазон одоби ва рўзадор хулқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ | ﷽☪ IBODATI ISLOMIYA 🌙

Рамазон одоби ва рўзадор хулқи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, шундай деган эканлар:

“Кимики Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах оташига ҳаром қилади”.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб буюрган:

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир. Сиздан (эй Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи васаллам) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...” ояти каримаси рўза ҳақидаги оятлар ўртасида келишида рўзадор ҳолда дуо қилишга ва бу дуолар ижобат бўлишига ишорат бордир. Қолаверса бу оятда Рамазон ойида мусулмонларни ҳидоятга бошловчи Қуръон нозил қилингани баён қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки рухсатсиз ҳолда ёки бирон касалликсиз Рамазондан бир кун рўза тутмаса, гарчи у бутун умр рўза тутса ҳам, унинг қазосини ўтай олмайди!” (Сунан соҳиблари, Ибн Хузайма, Дароқутний ва Байҳақий ривояти).

Мазкур ҳадисда узрсиз тарзда, сафар ёки рўза тутмасликни мубоҳ қиладиган бирон сабаб бўлмаган ҳолда Рамазон рўзасини ўтказиб юбориш катта гуноҳ экани эслатилиб, бунинг қазосини зинҳор ўтай олинмаслиги таъкидланмоқда.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Кимки узрсиз ҳолда, атайлаб бир кунлик Рамазон рўзасини тутмаса, гарчи бутун умри давомида рўза тутса ҳам ундан амали қабул қилинмайди”, деган. Али ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолар ҳам шундай фикрни билдиришган. Ибн Мусаййаб Рамазон ойидан бир кунни атайлаб ўтказиб юборган киши ҳақида: “У бир ой рўза тутади”, деб айтган. Иброҳим эса: “Уч минг йил рўза тутади (яъни, умуман ўша ўтказиб юборилган рўзанинг қазосини ўтай олмайди)”, деган. Робийъа шундай дейди: “Кимки Рамазоннинг бир кунини тутмаса, ўн икки кун қазо рўзасини тутиб беради. Чунки Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойини ўн икки ойнинг ичидан танлаб олиб, энг фазилатли ойлардан бири қилди. Бас, у ҳам энди ўн икки кун қазо рўза тутиши лозим”. Тийбий айтади: “Бир кун рўза тутиш билан бўйнидаги қазо соқит бўлса-да, нафл рўза фарз рўзанинг фазилатига зинҳор ета олмайди. Бу ўта муболаға ва қаттиқ тергаш билан айтилаётган гапдир”. Баъзи уламолар: “Киши бутун умр рўза тутса ҳам бир кунлик Рамазон рўзасини қазосини ўтай олмайди,” дейишган.

Рамазон ойи кириши билан соғлом, оқил ва балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун бир ой тўлиқ рўза тутиш фарз бўлади.

Сафарда бўлганлар, бетоб кишилар ёки ҳайз ва нифосдаги ҳамда эмизикли аёллар учун енгиллик бор. Улар узрли ҳолатдан чиққанларидан сўнг Рамазон рўзаси тутиб берадилар. Касаллиги тузалишига умид қилинмайдиган ўта қария кишилар бир мискинни қорнини тўйдирадиган даражада бир кунлик таомни фидя тарзида берадилар. Лекин шуни унутмаслик лозимки, соғлом кишилар, рўза тутишга қодир бўла туриб, ўзларича бирон нарсани садақа қилиш билан рўза менинг бўйнимдан соқит бўлади, деб ўйламасинлар. Фидя бериш ёки қазо қилиш фақатгина узрли ёки ожиз кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмати сифатида берилган енгилликдир. Шунингдек, баъзилар очлик ва ташналикка чидамсизлик ёки иродасизликни ўзлари учун узр санаб, бемалол оғизларини очиқ ҳолда юраверадилар. Аслида бу — хатодир. Хуллас, ҳар бир мусулмон Рамазон рўзасининг бир кунини ҳам қолдирмасдан тутиши, ўз зиммасига юкланган бандалик вазифасини ихлос билан амалга ошириши лозим.

Бу қутлуғ ва баракотли ойда, иншааллоҳ гуноҳлар ювилиб, тавба-тазарруълар, ихлос билан қилинган дуолар мустажоб бўлғай. Ҳар бир рўзадор бу ойда руҳан покланиб, эзгу ниятлар қилмоғи, ахлоқ-одоби ила бошқаларга ибрат кўрсатмоғи, меҳр-мурувватли бўлмоғи даркор. Тоат-ибодатлар, хайрли амаллар, тутилаётган рўзалар барчаси холис Аллоҳнинг розилиги учун бўлмоғи лозим.