Get Mystery Box with random crypto!

Яъни «Энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Ал | ﷽☪ IBODATI ISLOMIYA 🌙

Яъни «Энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Аллоҳ ёзган нарсани фарзандни талаб қилинг».
Аллоҳ таоло рўза кечасида аёлларга яқинлик қилишга рухсат бериш билан бирга, еб-ичишга ҳам рухсат берди:
«Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг».
Имом Бухорий Адий ибн Хотимдан ривоят қиладиларки, у киши:
«Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг» деган оят нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғимнинг остига қўйдим. Уларга қараб-қараб туриб, оқи қорасидан аён бўлганда, оғзимни беркитдим. Тонг отиб, кундузи бўлганда, Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтиб бердим. У киши:
«Ундай бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди», – дедилар».
Бу пайт фажри содиқ дейилади ва ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради.
Келаси жумлада хотинига яқинлик истисно қилинган ҳолат зикр этилади:
«Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг».
«Эътикоф» сўзи «бир нарсани лозим тутиш» маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай, ибодат билан машғул бўлади. Бунда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди.
«Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг».
Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, унинг чегараларидир. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.
«Аллоҳ одамларга Ўз оятларини ана шундай баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар».
Эътибор берадиган бўлсак, рўза ҳақидаги оятлар мажмуасининг биринчисида ҳам тақвога урғу берилган эди. Энди мана шу охирги оятда ҳам тақвога урғу берилмоқда. Ҳа, рўзанинг сон-саноқсиз фойдалари ичида унинг рўзадорда тақво ҳиссини мустаҳкамлаши биринчи ўринда туради.
Энди рўза ҳақидаги оятлар тамом бўлиб, Аллоҳ таоло мўминларга молиявий алоқаларни ҳам ҳалол, пок равишда олиб бориш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беради. Тақво нафақат Аллоҳ таоло билан банда орасидаги муомалаларда, балки банда билан банда орасидага муомалаларда ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!