Get Mystery Box with random crypto!

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ ОЛИШ УЧУН ДОИМИЙ ПРОПИСКА ЖОЙИДАН ЎҚИШ | Huquqshunos yordami

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ ОЛИШ УЧУН ДОИМИЙ ПРОПИСКА ЖОЙИДАН ЎҚИШИ ШАРТМИ?

САВОЛ.
Ассалому алайкум Саидали ака, мен бир саволга аник жавоб тополмаяпман. Ҳайдовчилик гувоҳномасига ўкиш учун хохлаган вилоятда ўқиса бўладими ёки доимий прописка қилинган жойдан ўқиб олиш керакми? Масалан менда доимий пропискам Навоий вилоятида, яшаш жойим Самарканд вилояти Каттақўрғон шахрида. 15 кунлик вахта усулида ишлаймиз. Дам олишга уйга келганда, Каттақўрғонда ўқисам хам буладими? Илтимос, шу хакда маълумот беринг.

ЖАВОБ.

Ҳа, Каттақўрғон шаҳрида ҳам ўқисангиз бўлади.

Хуллас, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида”ги Низом бор.

Бу Низом автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, уларни имтиҳондан ўтказиш ва якунда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди.

Бу низомда фуқаролар, у вилоятда ёки бу вилоятда ўқисин, ё бўлмасам, фақат доимий пропискадаги вилоятидан ўқисин деган талаблар йўқ. Шу сабабли, агар Самарқанднинг Каттақўрғон шахрида ана шундай давлат ёки нодавлат таълим муассасалари бўлса, ўша ерда ҳам ўқиб олсангиз бўлаверади.

Имтиҳон топшириш масаласида.

Юқоридаги Низомнинг 18-бандига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар имтиҳонлар топшириши мумкинлиги белгиланган. Яъни, бу масалада ҳам яшаш жойи борасида чеклов йўқ.

Бунда автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини беришга доир имтиҳонлар фақатгина махсус лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан ўтказилади (Низомнинг 18-1-банди).

Шунинг учун автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш истагида бўлган шахс имтиҳонларни ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектига бевосита ёки онлайн мурожаат қилиши лозим (408-сонли қарор 2-1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 5-банди).

@Huquqshunos_yordami