Get Mystery Box with random crypto!

Метро ва автобусларда ҳумо карталари билан тўлов амалга ошириш | ⚖️ Право.Uz ⚖️ | All about law

Метро ва автобусларда ҳумо карталари билан тўлов амалга оширишда муаммолар мавжуд. Назаримда, муаммолар сунъий ва атайин яратилган

Метро бекатларига тушишда, айниқса эрталаб ва кечқурун тиғиз пайтларда касса олдида узун, қатор навбатларга кўзингиз тушаетгандир. Кўпчилик ҳайрон бўлмоқдаки, нега йўловчилар, уларнинг орасида ёшлар, талабалар кўпроқ, замонавий тўлов карталаридан фойдаланиш ўрнига, узун навбатларда туриб кассадан чипта сотиб олишмоқда.

Бугун эрталаб мен билан ҳам шундай воқеа содир бўлди. Метрога тушишда ҳумо картаси орқали тўлов ўтмади. Бекат ходимаси картангиз блокланган, бориб чипта олинг деди, Навбатда туриб, кассадан чипта олишга мажбур бўлдим. Метродан чиқибоқ, банкдан аниқлаштирдим, карта банк тарафидан ҳеч қандай блокировка бўлмаган. Ҳумо тизимида ҳам бирон муаммо йўқ. Бошқа терминалларда тўлов ва ўтказмалар амалга ошмоқда.

Туш вақтида яна метрога тушишда муаммо такрорланди. Навбатда турганларнинг айтишича, йўловчиларни АТТО тизими карталарини сотиб олишга ундаш учун шундай қилинмоқда. Масалан, йўловчи ўзи ва шериги учун икки марта тўлов амалга оширмоқчи бўлганда ёки алоқа сифати ёмонлигида ҳумо карталари блокка туширилмоқда. Поезд кутиб турган талабалардан бирининг ёзғиришича, унинг картаси бир неча бор блоклангач, охири АТТО картасини сотиб олишга мажбур бўлган. Кейинги пайтда блоклаш билан боғлиқ муаммолар камайиш ўрнига фақат кўпайган.

Бу версияни йўл-йўлакай ўқишга қатнайдиган талабалар, ишга қатнайдиган ходимлардан ҳам кўп бора эшитдим. Мазкур усул кундан кунга авж олмоқда экан. Метродан синалган усул энди автобусларга ҳам ўтипти (дарвоқе, ўтган ҳафта 13- автобусдан фойдаланганимда ҳам ҳумо картангиз блокланган, дея баҳона қилишганди).

Вазиятга аниқлик киритиш ва жамоат транспортида блокланган картани блокдан ечиш учун учун АТТО тизимининг 78-140-08-08 мурожаат рақамига қўнғироқ қилдим. Афсуски, оператор ҳумо карталарини блоклаш нима учун юз бераётганига аниқ-тиниқ изоҳ бера олмади ва блокдан ечиш учун компания сайти орқали сўров юбориш лозимлигини билдирди.

Компания сайтига кириб, ҳумо картамни блокдан ечдим. Ҳаммадан қизиғи, картани блокдан ечишим билан йўл ҳақи учун тўлов яна бир марта ушлаб қолинди.

Албатта Раматовдан тортиб Артикходжаевгача бўлган ўзбек чиновниклари ва қарор қабул қилувчилар на метрода, на автобусда юришади, шунинг учун кенг йўловчилар қатламининг кундалик муаммоси уларга бегона бўлиши табиий. Лекин аҳоли энди нақдсиз тўловларга кўникаётган бир шароитда йўқ жойдан сунъий муаммолар яратилиши, ҳа майли, атайин қилинмаган деб ҳисобласак ҳам бу муаммоларнинг шу пайтгача тизимли тарзда бартараф этилмаётгани, танлов қолдирмасдан АТТОга ўтишга ундалаётгани барибир ғалати. Жудаям ғалати.

@the_bakiroo