Get Mystery Box with random crypto!

Янгиланаётган Конституция: фуқаролар бошқа давлатга бериб юбор | Hudud Inform

Янгиланаётган Конституция: фуқаролар бошқа давлатга бериб юборилмайди

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 23 моддасида Ўзбекистон фуқароси мамлакатимиздан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Ушбу норманинг асосий қонун даражасида мустаҳкамланиши сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ислоҳотларнинг ижобий натижаларидан ва уларни давомийлигини таъминлаш заруриятидан келиб чиқмоқда. Оддийроқ айтганда, турли сабаб ёки шароит тақозаси билан қайсидир юртдошимиз чет элда қандайдир жиноятга аралашиб қолган. Бошқа давлатнинг сўрови ёки ўзаро ёрдам кўрсатиш келишувига кўра Ўзбекистонда қўлга олинди. Шундай ҳолатда жиноят содир этилган давлат уни ўзларига беришни сўраса ҳам давлатимиз ўз фуқаросини ҳимоясига олади ва уни экстрадиция қилишга йўл қўймайди.

Бугунги кунда, ўз фуқаросини ўзга давлатда содир этган жинояти учун ўша давлатга ушлаб берилмаслиги халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган қоидага айланган. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, кўпчилик давлатлар фуқаросини ўз ҳудудидан мажбуран чиқариб юбормаслик ёки бошқа давлатга бериб юбормаслик мажбуриятини олган. Жумладан, Франция, Швеция, Польша, Грузия сингари бир қатор давлатлар конституцияларида шунга ўхшаш қоидалар мавжуд.

Конституциянинг мазкур моддасига киритилаётган яна бир қоидага кўра, давлат чет элда ишлаб, истиқомат қилаётган ўз фуқароларини ўз ҳолига ташлаб қўймайди, улар билан алоқаларни ривожлантиради ва доимий ҳимоялайди.

Бош қомусимизга киритилаётган мазкур нормалар орқали хорижда бўлган фуқароларимизнинг ҳимояси давлат томонидан кафолатланади. Давлат ва унинг масъул органларининг ўз фуқаролари тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этади.

Сайфиддин Жўраев, ТошДШУ профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори.

https://t.me/hudud_inform