Get Mystery Box with random crypto!

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Хоразм | Hudud Inform

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Олий суд ахборот хизмати маълумот берди.

Жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмига кўра:

Ю. Х. (1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган) Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;

А. М. (1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва А. Қ. (1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

А. М. ва А. Қ. нинг ҳимоячиси ҳамда Ю. Х. томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

Тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилган бўлиб, ҳозирги кунга Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаган.

Ушбу жиноят иши Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилгандагина юқоридаги суд қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади.

https://t.me/hudud_inform