Get Mystery Box with random crypto!

“Зиндон хотиралари” туркумидан 12 декабря 2022 от HIZB UT-TAHR | Hizb-uzbekiston.info

“Зиндон хотиралари” туркумидан
12 декабря 2022 от HIZB UT-TAHRIR UZBEKISTON
Ҳар сўзинг ақидага асослансин!
بسم الله الرحمن الرحيم
Камера эшиги очилди. Текширувга кирган назоратчилар четлаб кимгадир йўл берди. Зона бошлиғи экан. Бу бошлиқни арзон обрўга ишқибозлиги бор. Шу боис қачонки аристонларга рўбарў бўлмоқчи бўлса, икки кун олдин иситиш тизими ўчирилади, зона врачлари касаллардан хабар олмай қўярди, кунига икки маҳал бериладиган қайнатилган сув тўхтатилади. Ва табиийки, бошлиқ маҳкумлар билан учрашгач у: _ нима гаплар, қандай муаммолар бор? – деб савол бергач маҳкумлар кеча пайдо қилинган сунъий муаммолардан нолиб кетади. Бугун ҳам аристон дардига “малҳам қўйиш” учун келган бошлиқ ўз одатича:
– Нима гап, нима муаммо? — деб сўради. Атрофдан барчанинг нолиши ёғилди:
– Паравой ишламаяпти, совуқ…
– Прогулкага олиб чиқмаяпти…
– Врачлар хабар олмаяпти…
Бошлиқ “муаммолар”ни обдон эшитгач ходимларига қараб:
– Бугуноқ муаммоларни ҳал қилинглар! — дея буйруқ берди. Ва четда терс турган маҳбуб укамизга қараб:
– Сенда-чи, сенда нима гап? — деди. Маҳбубимиз бошлиққа бироз тикилиб тураркан пастгина овозда:
– Менинг муаммоим сизларникининг олдида йўқдек, — деди. Бошлиқ ҳам ўз одатига тескари кетди. Ва босиқлик билан, истеҳзоли тиржайиб:
– Хўўўш, бизда қанақа муаммо боракан? — деб, оёғи остига туфуксиз қилиб “туф”лаб қўйди. Бу билан “сени гапингга…” дегандек бўлди. Биродаримизнинг босиқлиги янада ортди. Ва сўзини бошлиққа ёдлатаётгандек дона-дона қилиб:
– Сизлар мўминларни террорист санайсиз, яҳудий кофирни эса отам дейсиз! Демак, муаммоингиз фаросатда, — деди.
Камерадагилар бундай гап ортидан келувчи “ўлим” хукмини тинглашга тайёр “жиноятчи”га айланиб, “кўкардик”. Аммо бошлиқ аристонларга “қатл”ни кечиктирди ва ёнидаги ҳарбий назоратчилар бошлиғига қараб:
– Манавини “беседа”га олиб чиқ, проверкадан кейин, — деб кейинги камераларга ўтиб кетди.
Ҳаммамиз дор остидан тирик қайтганимизга ишониб-ишонмай “ўлик-тирик” ҳолида қолдик. Деярли барча жим. Каллада “энди нима бўларкин?”дан бошқа ўй йўқлигини билиш қийинмас эди. Жимликни орамизга “ташлаб” қўйилган карейснинг “теперь всем хана”си бузди. Лекин укамизда “теперь…”нинг асорати ҳам йўқ эди. Фақат унга қараб маънолик қилиб қошини кўтариб, тушириб қўйди.
Проверка (йўқлама) тугади. Назоратчиларнинг оёқ товушлари тинди. Бироздан кейин камеранинг эшиги юракларимизни титратиб очилди ва укамизни олиб чиқиб кетди. Орадан йилларга татигулик вақт ўтиб, яна камера шарақлаб очилди. Ва укамиз камерадан чиққандаги хотиржамлик билан қайтиб кираркан, бизларга ширингина табассум қилиб, ҳилвираган юракларни тинчлатиб қўйди.
Бошлиқ билан бўлган суҳбатни айтиб берган эди, ҳаммамиз бошлиққа айтган муаммоларимизнинг нақадар хақирлигини ҳис қилиб, бошларимиз ҳам бўлди. У биздаги ноқулайликни сезиб, қисқагина сўз айтди:
– Ҳар сўз ақидага асосан бўлса қадрлидир. Шундагина қолган ташвишларимизга Аллоҳ кифоя қилади.
Бироздан кейин паравой ёқилди, врач ҳам келди, ўша куни прогулка ҳам етарли бўлди-ю, бироқ нимагадир талабларимиз қондирилганидан унчалик мамнун бўлмадик…
Уммул мўминин Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:
منِ التمسَ رضا اللَّهِ بسَخطِ النَّاسِ كفاهُ اللَّهُ مؤنةَ النَّاسِ
“Кимки инсонларни ғазаблантириб бўлса ҳам Аллоҳ ризолигини истаб (ҳақни айтса), Аллоҳ уни одамлар ғазабидан сақлаб, ғам-ташвишига кифоя қилади”.
مَا أَصَابَ مِن مُّصِيبَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ۗ وَمَن يُؤْمِن بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ ۚ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
– “(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У Зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир”. (Тағобун:11)
(Ҳар сўзим ақидадан бўлиши лозимлигини эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
12.12.2022й