Get Mystery Box with random crypto!

Сўнгги икки йилда тўртинчи саноат инқилоби, сунъий интеллект в | Historicism

Сўнгги икки йилда тўртинчи саноат инқилоби, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар ҳақида, улар олиб келадиган ўзгаришлар ҳақида кўп ўқидим. Бу ҳақида бир неча маротаба пост ҳам ёздим. Биз яқинда чоп этган Клаус Швабнинг «Тўртинчи саноат инқилоби» китоби ҳам айнан шу атрофда жуда кўп тахминларни берган.

Қайси муаллифни ўқишимдан қатъий назар, ҳозир асосий қўрқув меҳнат бозоридаги ўзгаришлар ҳақида бўлмоқда. Бунгача бўлган саноат инқилоблари эски саноат инқилобидаги йўқотилган иш ўринларини янги иш ўринлари билан тўлдирган. Ҳатто бутунлай янги соҳаларни яратиб иш ўринларини кўпайтирган. Масалан, Клаус Шваб АҚШда ХIХ асрда 70 фоиз аҳоли деҳқончилик билан банд бўлган бўлса, бугун фақат 2 фоиз аҳоли қишлоқ хўжалигида ишлашини айтган. АҚШда ҳеч қачон бугунгидек кўп иш ўринлари бўлмаган.

Лекин, янги саноат инқилоби бизга бутунлай бошқа реалликни таклиф қилмоқда. Инсонларнинг имкониятини жисмоний ва ақлий-ҳиссий деб оладиган бўлсак, шу вақтгача янги технологиялар жисмоний ишни ўрнини эгаллаган. Трактор, тўқимачилик ускунаси, машина йиғадиган роботлар ҳаммаси қўл меҳнатини ўрнини эгаллаган. Ўйлаш, кашфиётчилик, фикрлаш, ҳиссиёт, ижод инсонларга хос нарса сифатида кўрилган. Сунъий интеллект билан биз бутунлай янги реалликка кирмоқдамиз. Илм-фан ютуғи эвазига ҳар қандай ҳиссиёт, фикр ва қарор мураккаб алгоритмлар натижаси эканлиги маълум бўлди. Энди ҳисоблаш имконияти ошган сари сунъий интеллект инсоний хусусиятлар билан рақобатга киришиб бошлайди. Масалан, синовда энг кучли санъатшунослар ҳам бастакор ва сунъий интеллект томонидан басталанган куйни ажратишолмаган.

Олдинда биз бутунлай янги реалликка қадам қўямиз ва ўйин қоидалари бу сафар бутун тарихдагидан фарқ қилади. Ўтмишда оддий деҳқон ҳудудида очилган трактор заводига ишчи бўлиб кириб, замонга мослашиб давом этган. Трактор заводида ишчи бўлиш мураккаб малака талаб қилмаган. Хизматлар соҳаси иқтисоднинг асосига айланганда, завод ишчиси супермаркет сотувчисига айланиши мумкин бўлган. Бу ҳам ўрганса бўладиган, мураккаблик жиҳатидан содда касбдир.

Янги реалликда сотувчи ёки завод ишчисидан компьютер ёки дастурий таъминот уддалай олмайдиган ишни қилиш талаб этилади. У иш ҳозирги иш ўринларидан мураккаблиги билан кескин фарқ қилади. Натижада инсон ҳаёти давомида доимий ўрганишга, ўзгаришга, малакасини бойитиб боришга мажбур бўлади. Бугунги таълим бутун дунёда мураккаб малака талаб қиладиган миллиардлаб кадр етказиб бера оладими?

Бир нарса аниқки, тўртинчи саноат революцияси ҳам янги иш ўринларини яратади. Лекин, бу янги иш ўринлар йўқотилган иш ўринларига нисбатига муносиб бўладими ёки йўқми деган саволга жавоб бериш қийин бўлиб қолмоқда. Катта эҳтимол билан яқин 20 йилда меҳнат бозори масаласи экология каби энг долзарб муҳокамадаги мавзуга айланади.

Бунақа шароитда рақобатбардош бўлиши учун Ўзбекистон таълимга эътиборни кучайтириши, ИТ соҳаси ривожига етакчига айланиши, ижрочи эмас, танқидий ва таҳлилий дунёқарашга эга, очиқ фикрли, мослашувчан кадрлар тайёрлаши муҳим ва зарурдир.