Get Mystery Box with random crypto!

Ҳозир кўпчилик россияпарастлар ва путинпарастлар Зеленскийни ш | Historicism

Ҳозир кўпчилик россияпарастлар ва путинпарастлар Зеленскийни шунча халқини қурбон қилиб юбораётганликда айблаяпти. Гўёки у тинчлик учун курашмаяпти, Россияга ён бериб, ўз халқининг жонини сақлаб қолмаяпти.

Украина халқига жони ачиётганлар! Сизлар бирор жойда Украина халқи шундай талаб билан чиққанини кўрдиларингми?

Фақат бугун билан хулоса чиқармасдан, уруш бошланишидан аввалги воқеалар хронологиясини бир эслаб кўринглар.

Биринчидан, Зеленский уруш бўлмаслиги учун 24 февралдан аввал ҳамма нарсани қилди. Ҳозир ҳеч ким буни эсламайди, аммо у Россия билан музокара столига ўтириш учун ҳарчанд уринган бўлса ҳам Путин уни назар писанд қилгани йўқ. Телефонларига жавоб бермади. «Келиб-келиб битта КВНчи артист менинг тенгим бўлдими? Мен ким-у, у ким?! Пачағини чиқариб юбораман исталган лаҳзада» қабилида иш кўрилди.

Қолаверса, Путин УЧ КУНДА Украинани маҳв этаман, рус аскарларини украиналиклар гуллар билан қарши олишади, Киевни босиб олаётганимда Зеленский қочиб кетади, дея 100 фоиз ишончи комил эди. Ҳаттоки, Зеленский қочса «ҳокимият тепасига ўзинг яна қайтасан», деб сотқин Виктор Януковични ўша кунлари Минскда сақлаб ўтирди.

Зеленский эса АҚШ разведкаси шунча огоҳлантирса ҳам, «Россия мавжуд келишувларга амал қилади, бизга ҳужум қилмайди, кирса ҳам Донбассга уларни ҳимоя қилиш учунгина киради», деб ўйлаб Россиянинг бостириб киришига мутлақо ишонмади.

Ўша пайтлар Зеленский чиндан ҳам халқи нобуд бўлмаслиги учун ҳамма нарсага тайёр эди. Чунки у президентлик қилган 2 йил ичида Донбассда катта тўқнашувлар бўлмаган, 2 йил ичида тўқнашув линиясида бор-йўғи 15 киши ҳалок бўлган эди. (Бу фактни «8 йил Донбассни ўққа тутишганда қаерда эдинглар», дегувчилар билишмайди, албатта).

Аммо, таассуфки, Россия бостириб кирди. Энди Украина халқи Россия билан тоабад душман кайфиятда бўлади.

Ўша уруш бошида Украинанинг Россияга кескин қаршилик қилишига ҳеч ким ишонмаганди. Ҳаттоки АҚШ разведкаси ҳам «Киев 72 соат ичида маҳв этилади», деб ёзганди. Чунки кучлар ростдан ҳам тенг эмасди.

Агар Путиннинг ўша режалари ўнгидан келиб, Украина 1 ҳафта ичида, борингки, 1 ой ичида тўлиқ эгалланганида ҳамма ҳозир бу фактни ҳазм қилиб бўлган бўларди. Бу қадар санкциялар ҳам жорий этилмаган бўларди, уруш ҳам бўлмаётган бўларди.

Аммо ҳалиям оёғига пайтава ўраб юрадиган «жаҳоннинг иккинчи армияси» аҳволини кўрдик. Денгиздан туриб тинч аҳоли устига ракета учиришнигина қойиллатаркан.

Украин халқи эса катта жасорат кўрсатиб, русларнинг босқинини тўхтатиб қолишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг Ғарб уларга бирин-кетин ёрдам қўлини чўза бошлади.

Энди эса Зеленский урушни тўхтатиш, халқи нобуд бўлишининг олдини олиш учун Украина халқига қарата, «Қўйинглар, бошқа урушмайлик, ўша ҳудудларимиздан воз кечайлик. Зато, тирик қоламиз», деб айтолмайди. Бу гапни айтса Украина халқи «пошшонинг амри вожиб», деб жимгина қулоқ солиб ўтирмайди. Бир ҳамла билан Зеленскийнинг ўзини ағдаради.

Украин халқи ҳозир Зеленский борми-йўқми, ҳар бир қарич ерини қайтариб олиш учун сўнгги томчи қони қолгунча русларга қарши урушади. Яъни, энди Украина халқини Зеленский эмас, Зеленскийни Украина халқи бошқараяпти.

Ҳозир Путин музокара эмас, ультиматумга чорлаб, Зеленскийни ҳудудлардан расман воз кечиш ҳақидаги ҳужжатлар остига имзо қўйдириб олмоқчи. Дарҳақиқат, Зеленский имзо қўйса, уруш тўхтайди. Аммо вақтинча тўхтайди. Россия куч йиғиб, Украинанинг бошқа ҳудудларини ҳам босиб олиш учун фурсат пойлайди. Яна қурбонлар рўй беради, яна шаҳарлар вайрон бўлади.

Бундай нохуш истиқбол уни аниқ кутиб тургани сабабли Украина ҳозирнинг ўзиданоқ катта қаршилик кўрсатиб, ўз мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида ҳаракат қилмоқда ва улар албатта ғалаба қозонишади. Катта қурбон бериб бўлса-да. Чунки украинларда мотивация жуда кучли. Русларда эса мотивация йўқ.

Россия бу урушда енгилса собиқ иттифоқнинг Россия таъсири остидаги давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам эмин-эркин нафас ола бошлайди. Билинг, Украина ўзларининг эмас, бизнинг ҳам тўлақонли мустақиллигимиз учун қон тўкмоқда. Ҳозир Россияга ён бериш — қуллик бўйинтуруғини яна бўйинга тақиш, дегани.