Get Mystery Box with random crypto!

БИР ЧАМАДОН ДОЛЛАР °°Инсоф сари барака! (Хаётий воқиялар тур | Хикоялар Хадислар Ривоятлар Хикматлар

БИР ЧАМАДОН ДОЛЛАР

°°Инсоф сари барака!

(Хаётий воқиялар туркумидан)

Бир неча йил олдин аям билан Тошкентга Абу Сахий бозорига тушдик. Ҳаридларни қилишдан олдин Уйғур ошхоналаридан бирига овқатланиш учун кирдик. Ўтирган ҳамонимиз аям ,,Оёғимга нима урилди?,, дедилару, столнинг остидан унитиб қолдирилган эски чарм чамадонча сифат сумкани олиб чиқдилар. Буни бирорта савдогар унитдимикин деган гумонга ҳам бордик, аммо сумка савдогарнинг сумкасига ҳам ўхшамас эди. Аямга ,,Ичини битта очингчи,, дедим. Сумкани секин очдилар...Ичи тўла даста- даста АҚШ доллари экан...Аям менга мен аямга қарадим, ўша қарашда бир- биримизни англадик. Мен ўзимизнинг катта сумкани аямга узатдим, аям топиб олинган сумкани уни ичига солиб бекитдилар ва тезда бошқа столга ўтиб ўтирдик. Хизматчи қиз буюртмаларни олиб келди ҳамки, аям иккимиз жим эдик. Кўзларимиз атрофни кузатиш билан банд эди. Тасаввур қилинг бир чамадонча доллар-а! Йигирма минут ё ўтди, ё ўтмади ошхонага бир чол- кампир кириб келди. Кириб биз дастлаб ўтирган столни остига қарашди. Аям иккимиз ҳам пул уларга тегишли бўлганлигини сездик. Мен кўзим билан аямга уларни кўрсатиб имо қилдим, аям бошини ирғаб қўйдилару, кампирга хотиржамлик билан ,,Хола, ниманидир қидиряпсизми?,, дедилар. Кампир ялт этиб аямга қаради, ,,Ҳаа, болам, сўмка, сўмкамни йўқотдим,, деди. ,,Қанақа сумка эди?,, деб аям саволни давом эттирдилар. ,,Вой, ўлай қотти сўмкайди ичида бобойнинг расми бор Американча пул борийди,, дия кўзларидан дувва ёши оқди. Аям ,,Қанча пулингиз бор эди?,, деб сўрагандилар, ,,Билмайман уч улим уч жилдан бери четда, биттаси Кореяда, иктаси Россияда, Ташкендан уй оберган эди бир оғайнимиз шунга пулини обкебидик,, деб йиғладилар. Аям ,,Йиғламанг, хола пулингиз мана менда келишингизни кутиб ўтиргандик,, деб омонатни эгасига бердилар.
Чол- кампир бараварига ,,Ол, истаганингча ол, розимиз, ол,, деб шунча айтсаям,
аям ,,Мен мукофотини олиб бўлганман,, деб бир тийин ҳам олмадилар.
Бечоралар дуо қила- қила кетишди.

Жойимизга қайтиб ўтирарканмиз аям
,,Энди мен сенга ўтган сафар бўлган воқеани айтиб берай,, дедилар.
,,Тўйингдан олдин Тошкентга келганимизда сумкада ўн етти ярим миллион пул бор эди. Ўшани шеригим олди деган гумонда таҳоратхонада қолдирибман. Қайтиб бориб сўрадим, тозаловчи татар аёл ,,Сумкангда нима бор эди?,, деди.
Мен ,,Дадамдан қолган кичик дуо китобчам, онамдан қолган тасбеҳим ва кейин....ўн етти ярим миллион пул,, дегандим у ,,Нега биринчи пулни айтмадинг?,, деди.
,,Пул учун қайтмадим, пул қизимнинг сепи учун эди, топилмаса насиб қилгани бўлади, мен отам билан энамдан қолган нарсалар учун қайтдим,, деб жавоб бердим.
Ҳалиги аёл нарсаларимни қандай бўлса шундай қайтариб берди, мукофатига ҳеч нарса олмади.
Мен йўқотганимда нарсаларим эваз олинмай қайтарилса-ю, мен бояги чол- кампирдан қандай қилиб мукофат олишим мумкин? Бу масаладаги ҳисоб- китоб мен билан Аллоҳнинг ўртасида ҳал бўлиб бўлган...Энди овқатингни е, ош бўлсин,, деб кулиб қўйдилар...


Хикоялар Хадислар Ривоятлар Хикматлар
YouTube •|• Instagram

Чатда Фикир К,олдириш