Get Mystery Box with random crypto!

​Хуфтондаги жаноза Қозиработ мачитига хуфтон ўқишга кирдим. Б | Hikoyalar (G&M)

Хуфтондаги жаноза

Қозиработ мачитига хуфтон ўқишга кирдим. Бесабрроқман, кўпинча намоз тугаши билан туриб кетаман. Бугун негадир ўтириб қолдим. Тиловатдан кейин имом “Сафга туринглар, жаноза бор” деб эълон қилди. Ҳали бирор марта хуфтондан кейин жаноза ўқилганини кўрмагандим...

Азалий одат бор. Кун ботгандан кейин узилганлар кейинги куни жаноза ўқилиб дафн этилади. Тўғри, машъалалар билан қабристонга борилган ҳолатларни ҳам эшитганмиз. Лекин кўз кўриб ўрганган манзаралар бошқача.

Хуллас Қозиработдаги сафга турдим. Домла таомилга кўра майит эгасини чақирди. Ёшгина йигит олд қаторга ўтди. Биз эшитмаган қисқа суҳбатдан кейин имом жамоатга юзланди:

– Олдимизда 4 ойлик, ҳаёт бўлганида ота-онасини роса қувонтирадиган пайти келган қизалоқ ётибди... Гўдаклар фаришта мисол бўладилар, бу ерда савол-жавобга ўрин йўқ. Наинки бу ерда, у дунёда ҳам Аллоҳ гўдакларга жаннат эшикларини очиб қўяди. Жанозадан кейин қизимизнинг жони жаннатга дохил бўлади иншооллоҳ. Биз фақат сўраганимиз ота-онасига чиройли сабр берсин. Мана шу қизалоқ уларни жаннатларда кутиб олсин...

Жаноза ўқилди. Ота оппоқ қилиб ўраб қўйилган чақалоқни кўтариб, мачитдан чиқиб кетди.

У ердаги кўзёшларни таърифлаш қийин.

Муаммоларимиз шу қадар майдаки...

Аброр Зоҳидов

@az_sss