Get Mystery Box with random crypto!

Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бо | HAZRATIM

Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратгандилар.

Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берардилар.

Муҳаммад Юсуф домла раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари бизга шундай деб айтиб бергандилар:

“Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди. Мен кечалари туриб, унинг нима қилаётганини кўриш учун хонасини пойлар эдим. У доим китоб устида ухлаб, китоб устида уйғонарди. Мен ҳам ундан шуни талаб қилардим. Агар сал бепарволикни сезсам, қаттиқ танбеҳ берардим”.

Муҳаммад Юсуф домла раҳматуллоҳи алайҳ фарзандини мадрасага бериб ҳам тинчимади. Унинг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлининг хабарини бошқа талабалардан махсус кузатиб борди. Уни кўз қорачиғидек асраш билан бирга ундан кўз мускулларидек жидду жаҳд кўрсатишни талаб қилди.

Шу билан бирга, қайерда бирор олим, художўй инсонни билса, бориб, ундан жигарбандининг ҳаққига дуо олди.

Ниҳоят, кутилган нитижалар рўёбга чиқди. Шайх ҳазратлари илму амалда, тақвою ибодатда, ахлоқу одобда, билим ва ҳикматда ўхшаши йўқ, юксак намуна эдилар. У кишини кузатган ҳар қандай инсофли одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини тасвирда кўргандек бўларди.

Дастлаб кўрган киши маҳобатларидан ёнида сўз айтишга журъат қилолмасди.

Яқиндан гаплашган инсон эса у кишини яхши кўриб қолар, бор дардини у кишига тўкиб солганини ўзи ҳам сезмай қолар эди.

У киши нафақат илм берадиган устоз, балки самимий маслаҳатгўй, чин дўст, ҳақиқий муршид, ҳикматли мураббий эдилар.

Ҳатто душманлари ҳам қалбининг тубида у кишининг фазлини тан олишга мажбур бўлар еди.