Get Mystery Box with random crypto!

КЎНГИЛГА КЎЧГАН ДОҒ. (хаётий xикоя) — Вой, шўрим! “Ажрашаман” | 🌹Hayotiy Hikoyalar🌹

КЎНГИЛГА КЎЧГАН ДОҒ. (хаётий xикоя)

— Вой, шўрим! “Ажрашаман” деган гапни бошқа гапирманг-а, болам, илоё оғзингиздан шамол учирсин-а! Бундай гаплар билан жаҳл қилманг-а... – Зиёда холанинг овози қалтираб, келинининг қўлига ёпишди.

— Йўқ, мен тўғрисини айтаяпман!- Шаҳрибону қайнонасининг қўлини силтаб, ортга чекинди. – Ашрашаман. Баданида оқ доғи бор касал эркак билан яшамайман! Бу касаллик насл суриши мумкин экан. Бирга яшаган одамга юқиши ҳам мумкин экан. Мен ўғлингиз билан ажрашаман! Бир умр хавотирда яшагандан кўра иссиғида тўхтатганим маъқул! Вақт ўтса, болали бўлсак қийин бўлади. Мен бир қарорга келиб бўлдим! Тўхтатишга уринманг, илтимос, ойижон. Уларга ҳам Худонинг атагани бордир...

Болам...- Зиёда хола рўмолининг учини тишлаб бўсағада ўтириб қолди. Аёлнинг кўзидан селоб оқаётган ёшлар ҳам Шаҳрибонунинг кўнглини юмшатмади. Келин уйдаги ҳамма жиҳозларга, нарсаларга жиркангандай бир сидра кўз ташлади-ю, остонада йиғлаб ўтирган қайнонасининг ёнидан оҳиста сирғалиб чиқиб, қадамини илдамлатди...
Ўғлим...- Алиёр онасини қучиб олди:
Онажон, қўйинг, эзилманг. Арзимайди! Тақдирда нима битилган бўлса, уни кўрамиз! Дард берган шифосини ҳам берар, онажон. Сиз дуо қилсангиз, сиз астойдил Аллоҳдан сўрасангиз ҳаммаси бўлади!
Бахтинг бузиладими, дейман болам...
Бузилиб бўлди, онажон. Бир ҳисобда бузилгани ҳам яхши бўлади. Бунақа хотин билан яшагандан кўра ёлғиз яшаган афзал. Мен уни алдаб уйланмагандим, онажон. Дардимни, айбимни биларди. Била туриб севдим деганди. Севги вақтинчалик бўлмайди. Бир севган одамни вақт ўтиб севмаслик мумкин эмас. Балки Бону ёшлик қилгандир, янглишгандир. Майли, ҳаётини ўнгласин. Энди ҳеч қачон хато қилмасин...
Зиёда хола ўғлини қучиб ҳўнграб йиғлаб юборди. Алиёр онасига таскин бераётган бўлса-да, аслида ичини ит тирнаётгани, алам ва хиёнат, таъна –маломатлар ўқи кўнгил ярасининг жароҳатини қонатаётган эди. У Шаҳрибонуни чин кўнгилдан севган эди. Аммо дардини айб билиб қизга изҳори дил қилолмай юрганди. Бир куни коллеждаги курсдош қизлардан бири Алиёрга хат тутқазди. Бу хат Шаҳрибонунинг дил изҳорилиги йигитнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Ахир “айб”ини ҳамма билса, бунинг устига Шаҳрибонулар улардан узоқ эмас, шундоқ икки кўча нарида яшаса. Мактубни ўқиб бир неча кун ўзига келолмай юрди. “Балки мазах қилмоқчи бўлгандир? Дугоналари билан устимдан кулмоқчи бўлгандир?” деган хаёл ҳам йигитчани тинч қўймади. Бир неча куни индамай Шаҳрибонуни кузатди. Негадир қиз уни кўрганда уялар, кўзларига қараёлмай ўзини олиб қочар, баъзан, Алиёр Шаҳрибонунинг ўзига билдирмай хижолатомуз, айбдорона термулганини сезарди. Бир ҳафтадан сўнг Алиёр ҳам қизга жавоб мактуби йўллади:

... Мени кечир, Бону. Мен хат ёзишга ўрганмаганман. Лекин сени яхши кўришим рост. Сени 7-синфдан бери яхши кўраман. Шунинг учун сен билан бир коллежга ўқишга келгандим. Сенга раҳмат, Шаҳрибону! Нима дейишни билмаяпман, тўғриси... у хатни қайта-қайта ўқийверди. Ҳатто ёдлаб ҳам олди, чамаси. Сўнг қизнинг дугонасига уялинқираб, оҳиста чўзди:
@hayotiy_hikoyalari
Буни...
Уларнинг муносабатлари шу тахлит коллежнинг учунчи босқичида ўқиб юрган кезларда бошланди. Аҳду паймон қилдилар. Университетда бирга таҳсил олишни ният қилдилар. Талабаликдан сўнг турмуш қуришни орзу қилдилар. Алиёр Университет талабаси бўлди, Шаҳрибону эса имтиҳондан етарли бал тўплай олмади.

Қўявер, сен учун ҳам ўзим ўқийман. Сен яхши қиз бўлиб, овқат қилишни, уй тутишни ўргансанг бўлди, -деб уни овутди Алиёр. У шанба кунини илҳақлик билан кутарди. Чунки шанба дарслари тугаб, қишлоғига, онаси, жигарлари ва Шаҳрибонунинг дийдорига ошиқарди.
Алиёр учинчи курсга ўтганида уларнинг тўйи бўлди. Шаҳрибонунинг яқинлари қизни бу йўлдан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, буни уддасидан чиқолмадилар.

Яхши йигитлигини ҳаммамиз биламиз,- Шаҳодат хола қизини охирги марта огоҳлантирди.- Аммо баданида оқ доғи бор, дегани анча-мунча айб эмас! Бу дард суяюк суради, дейишади. Бир куни пушаймон қилмайсанми? Афсус қилиб биздан норизо бўлмайсанми?!
Шаҳрибону бу гапларга парво ҳам қилмаганди ўшанда. Турмушларига йил тўлмай ажрашаман деб кетиб қолди...