Get Mystery Box with random crypto!

​​МЕНИНГ ОЙИМ... Дада, ойижоним нега уйга келмаяптилар? Кеч б | hayotformulasi

​​МЕНИНГ ОЙИМ...

Дада, ойижоним нега уйга келмаяптилар? Кеч бўлсаям келардилар-ку, нега энди эрталаблари ҳам кўрмаяпман. Қаердалар ўзи? Ишдами? Бугун келадиларми? А, айтинг, келадиларми?..
Мана, бир неча ҳафтадан буён тўрт ёшли ўғилчасининг мана шундай бир олам саволларига жавоб тополмай қийналади, у. Касалхонада беморлар жуда кўўўп экани, ойиси шифокор сифатида улар ёнида бўлиши зарурлигини ўғилчасига қайта-қайта тушунтириб чарчади. Ухлаб турибоқ, яна худди шу саволларни такрорлай бошлайди. Сўнгги кунларда телевизорда юз-кўзларигача ҳимояланган, оппоқ кийимдаги докторларни кўрсатиб, болакайни овута бошлади: “Улар ичида ойижонинг ҳам бор”. Бола экран қаршисидан нари кетмай қолди. Ана шундай кийимлилар кўриндими, тамом, овози борича бақиради: “Ана, ойимни кўрдим, ўзимнинг ойижонимни кўрдим!!!”
Ўғилчасининг бу қилиғини кўриб, томоғига нимадир тиқилади.
Ўзини чалғитиб улгурмасидан телефон садо беради. Қайнонаси хавотир олиб қўнғироқ қилаётган бўлади. Қизининг бугун ишдан келган-келмаганини, соғлигини сўрайди. “Келди, ойи. Аммо жуда чарчаган экан, дам олаётувди, уйғотайми?” – дейди юрак ҳовучлаб. “Йўқ, йўқ, майли, дамини олсин, тинчлигини билдим, менга шу етади. Уйғонса, ўзи қўнғироқ қилар...”, - дейди она шўрлик. У қизини неча ҳафтадан буён касалхонада, карантин ҳудудида хизмат вазифасини бажараётганини билмайди. Ёши саксондан ошган, шовқин, нохуш гап-сўзлардан қон босими бирданига ошиб кетаверадиган онадан ҳаммаси сир тутилган. Энг тўғри йўл - шу.
Кеча унга аёли ишлаётган шифохонадан қўнғироқ қилишди. Минг афсуски, жуфти ҳалоли иш жараёнида касалликни ўзига юқтириб олибди...
У туни билан ухлолмади. Яратгандан кўпга, улар қатори аёлига шифо сўради. Фидойи умр йўлдошининг меҳнатлари ҳаққи унинг тузалиб кетишини, яна бир оила бўлиб бахтиёр умр кечиришни насиб этишини, ўғлининг тобора соғинчдан сарғайиб бораётган юзи тез орада аввалгидек кулишини жуда-жуда истади, жуда-жуда...
У кўзларини юмган эди, икки томчи ёш думалади...
“Эй, дея ҳайқиргиси келди унинг, тоғни урса толқон қиладиган алп йигитларнинг кўзидан ёшини оқизган хасталик, қайдан бошимизга келдинг? Синов дедик, чиндан ҳам синов. Аммо бу оғир синовни менсимаётган ҳамюртим, оқибатни шу биргина оила мисолида тасаввурингга сиғдира олаяпсанми? Ўзгалар ҳаётини асраб қолмоқ учун курашган аёл – она, севимли рафиқа, жондан азиз қиз – ким учун ҳаётини таҳликага қўйди? Сиз ва биз учун. Буни инкор қилолмас экансиз, нега сабаб, бесабаб кўчага ошиқасиз? Нега барчамизнинг ҳаётимиз, соғлигимизни таҳликага қўймоқдасиз? Бунга нима ҳаққингиз бор?
Ўз болангизни ўша кўзларига соғинч мунг чўктирган тўрт яшар норасиданинг ўрнига қўйиб кўринг. Ўз аёлингизни кеча соппа-соғ бўлган, аммо хизмат вазифасини бажараётиб, касаллик юқтириб олган, иситма оташида ёнаётган аёл ўрнига қўйиб кўринг. Ўз онангизни қизининг тақдиридан бехабар кекса волида ўрнига қўйиб кўринг. Бу қўлингиздан келадими? Бирозгина бўлса-да, юрагингиз увишдими?..
У ҳолда дарвоза тутқичларидан қўлингизни олинг ва уйда қолинг. Зерикиб кетдим-ку, деган бемаъни баҳонани тилга олишдан уялинг. Не-не кучли, ривожланган давлатларни довдиратиб қўйган касаллик оқибатини англашга ҳаракат қилинг. Ҳатто, ювилиш ва кафанланиш насиб этмаётган, баъзи бир мамлакатларда ҳатто ўз қабрига эга бўлолмаётган жасадлар кўзингизни очсин, ҳеч бўлмаса...”
Пичирлаган овозидан чўчиб кетдими, ўғилчаси уйқу аралаш йиғлай бошлади: «Менинг ойим, ўзимнинг ойижоним...»

@hayotformulasi