Get Mystery Box with random crypto!

Абдулла Қодирийнинг машҳур романларини қўлдан қўймай ўқиб келг | hasan.juraev

Абдулла Қодирийнинг машҳур романларини қўлдан қўймай ўқиб келган халқимиз учун ўтган асрнинг 60- йиллари охирида “Ўзбекфильм” томонидан кетма-кет “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” фильмлари суратга олиниши катта воқеа бўлган. Бу фильмлар миллатнинг руҳини акс эттириб, актерларнинг маҳоратли ижроси туфайли Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим ва бошқа қаҳрамонларни айнан шу актерлар сиймосида кўришга одатландик.

Ҳамидулла Акбаровнинг “Абдулла Қодирий ва санойи нафиса” китоби адибнинг романлари экран юзини кўришидаги машаққатларни акс эттирган. Тўпламда “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” фильмлари яратилиши босқичлари, фильм сценарийси, бўлиб ўтган муҳокамалар стенограммаси, монтаж варақалари келтирилган. Шунингдек, режиссерлар Йўлдош Аъзамов ва Мелис Абзалов (иккинчи экранизация), сценарист ва актерларнинг ижодий жараён ҳақида эсдаликлари ҳам китобдан жой олган.

Китобга кирган муҳокамалар стенограммаси айниқса эътиборни тортади, самимий фикрлар билан бирга (масалан, Сергей Параджановнинг “Тени забытых предков” фильмида миллийлик ва фольклор элементлари ёрдамида романтик кайфият яратилгани, “Ўткан кунлар”да ҳам шу йўналишга эътибор бериш кераклиги), айрим қатнашчиларнинг 30-йиллар руҳида “халқлар дўстлиги акс этмаган” ёки “романлардаги эски турмушни экранларга олиб чиқиш керакми” каби фикрлар таажжубга солади. Шундай чиғириқларга қарамай ажойиб фильмлар яратган инсонлар халқимиз ҳурматига лойиқ.

“Абдулла Қодирий асарлари театр саҳнасида” деб номланган мазмунли, материалларга бой тадқиқотни театршуносларимиздан кутиб қоламиз.
P.S. Китобни Навоий театри яқинидаги «Шарқ зиёкори» дўконидан топишингиз мумкин.