Get Mystery Box with random crypto!

Дийдор театр-студиясида студия талабаларининг “Қум майдончаси | hasan.juraev

Дийдор театр-студиясида студия талабаларининг “Қум майдончаси” ўқув-тажриба спектакли намойиш қилинди. Спектаклни польшалик драматург Михал Вальчакнинг шу номли пьесаси асосида россиялик режиссер Владимир Смирнов саҳналаштирган.

“Қум майдончаси” пьесасида Протас исмли бола ва Милка деган қиз боланинг қум майдончасидаги ўйинлари, уларнинг уришиб-ярашишлари ҳақида ҳикоя қилинади. Протаснинг “жанговар” ўйинлари марказида комикслар қаҳрамони Бэтмен туради. Протас оғиз кўпиртириб ўз қаҳрамони саргузаштларини шарҳлайди, қум майдончасида берилиб портлашлар, муштлашув, қийин вазиятга тушганларни қутқариш ҳақида эртаклар тўқийди. Майдончага қўғирчоғини кўтариб келган қизча эса уни ўз ўйинларидан чалғитади. Ахир суперқаҳрамон Бэтмен билан қизларни қўғирчоғини солиштириб бўларкан-ми?! Шундай бўлса-да, Протас энди Милкасиз ўйинларини тасаввур қилолмайди.

Спектаклда ҳар бир персонажни икки актер жонлантиради, улар бир-бирини орқасида туриб, биринчи актер персонажнинг юзи ва оёқларини, иккинчи актер эса қўлларини ҳаракатлантиради. Бу актерлардан нутқ ва ҳаракатларда синхронликни талаб қилади. Протасни ижро қилган йигитлар ўз персонажлари жест, қўл, оёқ ҳаракатларини динамикада кўрсата олишди. Режиссер спектаклда қўллаган услубида асосий эътибор шаклга қаратилган. Протас ва яна бир персонаж (Карл) ўртасида яккама-якка олишувда оёқ ва қўлда зарбалар бериши, финал саҳнасида ўз севимли қаҳрамони каби қизил плашч кийган Протас қўлининг муштини тугиб, чақмоқдек “учиб кетиши” актерларнинг ҳаракатларида комикс ва компьютер ўйинларига хос жонли тасвирлар билан кўрсатилган.

Дийдор студияси талабаларининг тажриба спектакли уларнинг танлаган касбда қўйган яна бир дадил қадами бўлди.
https://www.facebook.com/hasan.juraev2/posts/pfbid02B3vdmZ6pHnXNxgaqio6LFjtXq9LZAPnfvE5BDfLoYXx1FrSsiXwSwfwPKgfPzhSKl